Саволнинг ID си: 13902
“Ҳар бир оила тадбиркор”дастури асосида Сирдарё вилояти Ховос туманида, туман Хокимининг қарорига асосан фуқароларга ахоли худудидан узоқда бўлган худуддан дехқон хўжалиги (қишлоқ хўжалиги махсулоти етиштириш) юритиш учун 0.10 га миқдорида ер ажратиб берилган. Фуқаролар томонидан Давлат хизматлари Марказида юридик шахс ташкил этмасдан якка тартибда тадбиркорликнинг Дехқон хужалиги шаклида рўйхатдан ўтилган. Фуқароларга ажратиб берилган ер майдонида ижтимоий иссиқхона қуриш (томчилатиб суғориш жорий қилинган ҳолда) учун банкдан кредит олиш мўлжалланмоқда. Банкдан олинган кредит хисобига иссиқхона қурилади ва қурилган иссиқхона кредит гарови сифатида қўйилиши учун ер эгаси бўлган фуқаронинг номига кадастр хужжати расмийлатирилади. Қурилиш ишлари юридик шахслар томонидан олиб борилади.
1.Юридик шахс ташкил этмасдан очилган деҳқон хўжалигида - олинган ер майдони, ер майдонига қурилган иссиқхона, етиштирилган маҳсулотлар сотуви бўйича қандай солиқ оқибатлари пайдо бўлади? 2.Солиқларнинг тўлов муддатлари қандай бўлади? 3.Махаллий Хокимлик томонидан солиқлар бўйича имтиёзлар бериш хуқуқи борми?
Экспертларнинг жавоблари:

"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини амалга ошириш тўғрисида ЎзР Президенти томонидан 07.06.2018 й. N ПҚ-3777-сонли Қарор қабул қилинган. Ушбу Қарор доиросида солиқ имтиёзлари назарда тутилмаганлиги сабабли деҳқон хўжаликларини солиққа тортиш Солиқ кодекси 383-моддасига асосан амалга оширилади.

Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда деҳқон хўжаликлари қуйидаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлайди:

1) жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи. Ер солиғини ҳисоблаб чиқариш давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади. Ер солиғи суммаси ва уни тўлаш муддатлари кўрсатилган тўлов хабарномаси давлат солиқ хизмати органлари томонидан жисмоний шахсларга имзо қўйдирилган ҳолда ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширилади (СКнинг 293-моддаси). Солиқ даври учун ер солиғи тўлаш жисмоний шахслар томонидан ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар амалга оширилади.

2) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ. Солиқ суммаси давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Солиқ тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномаси давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ давридан кейинги йилнинг 1 февралидан кечиктирмай топширилади (СКнинг 263-моддаси). Солиқ  тўлаш йилига бир марта, солиқ давридан кейинги йилнинг 1 майигача амалга оширилади (СКнинг 264-моддаси).

3)жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ. Солиқ суммаси мол-мулкнинг 1 январга бўлган ҳолатига кўра кадастр қийматидан ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқарилади, ҳамда солиқни тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномаси ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширилади. Солиқни тўлаш ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар амалга оширилади.;

Шу билан биргаликда юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжалиги аъзолари йилига энг кам ойлик иш ҳақининг камида бир баравари миқдорида ягона ижтимоий тўлов тўлайдилар (Скнинг 311-моддаси). Белгиланган миқдордаги ягона ижтимоий тўловнинг тўланиши деҳқон хўжалиги аъзосининг ва жисмоний шахснинг меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришда бир йил деб ҳисобга олинади.

Деҳқон хўжалигида етиштирилган ҳайвонларни (қорамол, парранда, мўйнали ва бошқа ҳайвонлар, балиқ ва бошқаларни) тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб, маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда, саноатда қайта ишлашдан ташқари, табиий ва қайта ишланган чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини сотишдан олинадиган даромадлар солиққа тортилмайди, бундан манзарали боғдорчилик (гулчилик) маҳсулотлари мустасно (Скнинг 179-моддаси 12-банди). Мазкур даромадлар солиқ тўловчи тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, боғдорчилик, узумчилик ёки полизчилик ширкатларининг бошқарувлари томонидан берилган, реализация қилинган маҳсулот солиқ тўловчи томонидан унга ёки унинг оила аъзоларига ажратилган ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи белгиланган шаклдаги ҳужжатни тақдим этган тақдирда, солиқ солишдан озод қилинади.

Изоҳ: юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжалиги аъзолари қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш, ўзлари етиштирган маҳсулотни қайта ишлаш ва реализация қилиш билан боғлиқ бўлмаган фаолият билан шуғулланган тақдирда, улар якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатдан ўтишлари ҳамда ушбу Кодекснинг 58-бобида назарда тутилган тартибда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашлари шарт.

СКнинг 30-моддасига асосан, мол-мулк солиғи, ер солиғи, ягона ер солиғи бўйича имтиёзларни бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилиши мумкин.

Қаранг: ВМ 2012 йил 2 октябрдаги 281-сон Қарори билан тасдиқланган "Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан айрим тоифадаги юридик шахсларга мол-мулк солиғи, ер солиғи, ягона ер солиғи бўйича имтиёзлар бериш тартиби тўғрисида"ги Низом.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.