Саволнинг ID си: 13996
Тошкент юридик техникумини 1989 йилда тугатган. 1991 йилдан пахта заводида 6 йил юрисконсульт, судда суд ижрочиси, суд департаментида катта суд ижрочиси бўлиб 10 йил ишлаган шахс. Давлат муассасасида бош юрисконсульт в.в.б. бўлиб ишлаб келмоқда. У 2018 йил октябридан Россия Федерациясининг Шимолий Кавказ Давлат гуманитар-технологик акадамиясининг Иқтисодиёт факультетида 2 курс талабаси.
Бош юрисконсульт бўлиб ишлашга рухсат борми?
Экспертларнинг жавоблари:

Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги низомнинг (19.01.2017 й. ПҚ-2733-сон Президент қарорига 1-илова) 7-бандига кўра, юридик хизмат ходими ёхуд юрисконсульт лавозимида олий юридик маълумотга эга бўлган ёки Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида (Марказ) юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахс ишлаши мумкин. Шу билан бирга юридик хизмат бошлиғи лавозимига юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлган шахс тайинланади.

Шунингдек юридик хизмат ходимлари лавозимга адлия органлари билан келишилган ҳолда тайинланади (Низомнинг 8-б).

Давлат органи ва ташкилотида юрисконсульт ёрдамчиси лавозими жорий этилиши мумкин. Юрисконсульт ёрдамчиси лавозимида олий ёки ўрта махсус юридик маълумотга эга бўлган ёхуд Марказ дипломини олган шахс, шунингдек, олий таълим муассасасининг "Юриспруденция" мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган бакалавриат босқичининг битирувчи курси талабаси ёки магистранти ишлаши мумкин (Низомнинг 9-б).

Демак, Сизнинг ҳолатингизда ушбу шахс ўрта юридик маълумот ва ҳали тугалланмаган иқтисодий маълумот билан, бунинг устига адлия органи билан келишилмасдан бош юрисконсульт бўлиб ишлаши мумкин эмас.  

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.