Саволнинг ID си: 15356
Меҳнат кодексининг 106-моддаси 4-бандига асосан бошқа ишга ўтгазилганда уни ишдан бўшатишда нималарга аҳамият бериш керак?
Экспертларнинг жавоблари:

Меҳнат шартномасининг МК 106-моддаси 4-бандига асосан бекор қилинишига ишга қабул қилиш қоидалари бузилган қуйидаги ҳолларда йўл қўйилиши мумкин:

1) қонунлар томонидан вояга етмаганлар ва аёлларни жалб қилиш тақиқланган ишларга қабул қилиш (МК 77-м.);

2) бир давлат корхонасида ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларни, башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бундай хизматчиларни ишга қабул қилиш (МК 79-м.);

3) суд ҳукмига кўра маълум мансабни эгаллаш ёки маълум фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганларни суд томонидан тайинланган вақт давомида ишга қабул қилиш.

Демак, меҳнат шартномасини ушбу асосларга кўра бекор қилишда юқоридагилардан бирига йўл қўйилганлигини ва бу меҳнат шартномасини бекор этишга асос бўлиши мумкинлиги ёки йўқлигини аниқлаш зарур.

МК 106-моддаси 4-банди бўйича ишга қабул қилишдаги бузилишни тузатиш мумкин бўлмаса ва бу ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса, меҳнат шартномаси бекор қилинади (17.04.1998 й. 12-сонли «Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги ОСПҚ 43-б.).

Бундай ҳолларда меҳнат шартномасини бекор қилмасдан, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича вақтинча (МК 106-моддаси 4-бандидаги ҳолатлар тугагунча) бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади. Ушбу ҳоллар тугагач, иш берувчи ходимга унинг аввалги ишини беради (МК 93-м.).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.