Саволнинг ID си: 17083
Айрим ходимларимиз билан 1 ойлик шартнома тузар эдик, яъни шартномани ҳар ойда янгилар эдик (шартнома муддатини бир ой қилиш бўйича сизга 2019 йил бошида савол жўнатганмиз ва бу қонуний эканлигини тасдиқлагансиз). Карантин даврида ишлаб чиқаришимиз тўхтаганлиги учун апрель ойига шартнома тузмадик ва бу кўпчилик ходимларимиз эътирозига сабаб бўлмоқда. Биз уларга карантин тугаб, иш йўлга қўйилиши билан шартнома тузиб ишни давом эттиришимизни тушунтирдик.
Ушбу ҳолатда ходимларимиз бизни судга берса, биз учун қандай салбий оқибатлар юзага келиши мумкин?
Экспертларнинг жавоблари:

Меҳнат кодексининг 76-моддасига кўра, муддатли меҳнат шартномалари қуйидаги ҳолларда тузилиши мумкин:

- бажарилажак ишнинг хусусиятинини инобатга олган ҳолда. Масалан, иш мавсумий характерга эга бўлганда ёки корхонада маълум ҳажмдаги ишлар пайдо бўлганда;

- ишни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда. Масалан, асосий ходим вақтинча ишга келолмаслик даврига (меҳнат ва ижтимоий таътилларда бўлганда), шунингдек муддатли меҳнат шартномаси тузилиши ходимнинг илтимосига асосланган бўлганда;

- корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим билан;

- қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

2017 йил 24 майдаги ПФ-5052-сонли Президент Фaрмонининг 6-бандига асосан, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларига, тегишли таълим муассасасини тамомлаган даврдан бошлаб 3 йил ичида биринчи марта ишга кираётган олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчилари билан тузиладиган меҳнат шартномаларидан ташқари, ходимларнинг розилигини олган ҳолда, муайян муддатли меҳнат шартномалари, жумладан, вақтинчалик бир марталик ишларни бажаришга (муддатли меҳнат шартномалари), тузишга рухсат берилган.

Меҳнат шартномалари муддати тугаганда ходимни ишдан бўшатиш мумкин. Корхона карантин пайтида янги ходимларни ишга қабул қилмай туриш мумкин. Агар ходимлар корхонани судга берса ва суд ходимлар фойдасига қарор қабул қилса, МКнинг 112-моддасига асосан иш берувчининг жавобгарлиги юзага келади. Улар қуйидагилардан иборат:

- мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш;

- судга шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун кетган харажатлар ва бошқалар) учун компенсация;

- ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда маънавий зарар учун компенсация.

Ходимнинг илтимосига кўра, суд ишга тиклаш ўрнига унинг фойдасига юқоридаги харажатлардан ташқари камида 3 ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча ҳақ ундириб бериши мумкин.

Саволда кўрсатилган ҳолатда карантинни инобатга олиб, ходимлар блан шартномани бекор қилиш ўрнига унинг муддатини узайтириб, ходимлар розилиги билан уларга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътиллар берилиши мумкин.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.