Саволнинг ID си: 17128
Шифохона тиббий ходимлари карантиндаги беморларни даволаш учун махсус госпиталларга кириб, коронавирус юқтириб олган беморларга қараш жараёнида ўзига касалликни юқтириб олса, уларнинг ойлик иш ҳақи ва табели қандай юритилади?
Экспертларнинг жавоблари:

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 17.04.2015 йилда 2667-сон билан рўйхатга олинган) 8-бобига асосан, бажараётган ишининг хусусиятига кўра юқумли, паразитар касалликларни тарқатиш хавфини туғдирадиган шахслар ишдан четлаштирилиб, иш берувчи томонидан мумкин бўлган иш билан таъминланмаганда даволаниш даврига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади. Бунда табелда меҳнатга лаёқатсизлик даври бўлиб, «К» (касаллик) белгиси қўйилиши мумкин.

Бунда тўловлар Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 08.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатга олинган) 26-30-бандларига асосан амалга оширилади.

Шунингдек, 26.03.2020 йилдаги ПҚ-4652-сон Президент қарорида коронавирус инфекцияси юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 млн. сўм, инфекцияни юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда 250 млн. сўм миқдорида бир марталик тўлов белгиланган.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.