Саволнинг ID си: 17618
Ходимларимизга шахсий автомобилидан фойдаланганлиги учун компенсация тўлаб беряпмиз, фақат ўзининг номидаги машиналарга. Қолган ходимларимиз, яъни ишончнома орқали жисмоний шахсга тегишли автомобилни бошқараётган ҳамда ишончнома ва йўл варақаси билан юридик шахсларга тегишли автомобилларни бошқараётган ходимларимизга компенсация ҳисобламаяпмиз.
Автотранспорт воситаси ўзига тегишли бўлмаган ходимларимизга ҳам компенсация ҳисоблашимиз мумкинми? Агар мумкин бўлса, компенсация ҳисоблаш буйруғига қандай ҳужжатлар нусхасини илова қилишимиз керак?
Экспертларнинг жавоблари:

Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 2 апрелдаги 154-сонли қарорининг 3-иловасида ўз шахсий енгил автомобилларидан фойдаланганда ходимларга компенсация тўлаш кўрсатиб ўтилган. Лекин корхона ўз молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, ходимларга бошқа ҳолларда (шу жумладан, ишончнома орқали автомобиль бошқарилганда) компенсация тўланиши тақиқланмаган. Бундай компенсацияларни тўлаш тартиби корхона ички (локал) ҳужжатларида белгиланиши мумкин. Масалан, ишончнома орқали автомобиль бошқарадиган ходимга ёқилғи қуйиш харажатларини қоплаш тўғрисида буйруқ чиқариб, унга техник паспорт ва ишончномани илова қилиш мумкин. Харажатларни асословчи ҳужжат сифатида квитанциялар тақдим қилинади. Бу ҳолда корхона компенсация тўлаш тўғрисида буйруқ чиқаради. Айтиб ўтиш керакки, бундай компенсация Солиқ кодексининг 376-моддасига асосан моддий наф тарзидаги ходимнинг даромади ҳисобланиб, унга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади ва унга ВМнинг 154-сон қарорига 3-илованинг 7-бандида кўрсатилган солиқ имтиёзи қўлланилмайди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.