Ходимнинг хизмат сафари вақтида ўз шахсий автомобилидан фойдаланишнинг ўзига хос жиҳатлари

Саволнинг ID си: 18085
Ходим хизмат сафарида шахсий автомобилидан фойдаланади.
1. Ходим хизмат сафарида шахсий автомобилидан фойдаланишда қандай талабларга риоя қилиши лозим? 2. Ходим хизмат сафари вақтида шахсий автомобилидан фойдаланган ва ЙҲҲда жароҳатланган ҳолатларда масъулият кимга юкланади - ходимгами ёки иш берувчигами?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Хизмат сафарига бориш ва қайтиш бўйича йўл харажатлари таксилардан ташқари, умумий фойдаланишдаги барча транспорт турлари, шу жумладан ижара ва тижорат транспортлари) йўлкира ҳақи миқдорида қопланади (Йўриқноманинг 10-банди, АВ томонидан 29.08.2003 йилда 1268-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Шахсий автомобиль умумий фойдаланишдаги транспорт ҳисобланмайди.

Сизнинг ҳолатда раҳбар тақдим этилган чекларга асосан хизмат сафари мақсадларида фойдаланилган шахсий транспорт учун бензин ҳақи харажатларини тўлиқ қоплаш тўғрисидаги қарорни қабул қилиши мумкин. Хизмат сафарларига оид компенсация тўловлари тасдиқловчи ҳужжатлар асосида хизмат сафари жойига бориш ва у ердан қайтиб келиш учун, шу жумладан жой банд қилиш учун ҳақ тўлашни қўшган ҳолда ҳақиқатда тўловлар амалга оширилганда жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди (СК 369-м. 2-қ. 8-б.).

Бюджет ташкилотлари ходимлари учун йўл харажатларига доир ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда, хизмат сафари вақтида ҳар бир километр учун БҲМнинг 0,08%и миқдорида ҳақ тўланади. Бошқа ташкилотларда йўл харажатларига доир ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ходимга хизмат сафаридаги йўл харажатлари учун келишувда, меҳнат шартномасида белгиланган, бироқ БҲМнинг 0,08%идан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади.

 

2. Корхонада қуйидаги бахтсиз ҳодисалар оқибатида юзага келган ҳолатлар текшириб чиқилиши ва ҳисобга олиниши лозим (Низомнинг 2-банди, ВМнинг 6.06.1997 йилдаги 286-сон қарори билан тасдиқланган):

- корхона ҳудудида ва унинг ташқарисида меҳнат вазифаларини бажараётганда (шунингдек хизмат сафарларида) юз берган жароҳатланиш;

- ўз функционал вазифаларини бажариш юзасидан, шунингдек аварияларнинг, одамлар ҳалок бўлишининг олдини олиш ва корхонанинг мулкини сақлаш мақсадида, иш берувчи топшириқ бермаган бўлса ҳам, корхона манфаатларини кўзлаб қандайдир хатти-ҳаракатларни амалга ошираётгандаги;

- иш вақтида шахсий транспортда, уни хизматга оид сафарлар учун ишлатишга рухсат берилганлик ҳақида иш берувчининг ёзма буйруғи мавжуд бўлгандаги;

- иш берувчининг топшириғини бажариш учун транспортда ҳаракатланаётганда, шунингдек меҳнат фаолияти хизмат кўрсатиш объектлари орасида юриш билан боғлиқ ходимлар билан иш вақтида транспортда кетаётгандаги;

- ички ишлар органларининг маълумотлари асосида - иш вақтида меҳнат вазифаларини бажараётганда бошқа шахс томонидан тан жароҳати етказилгандаги.

Бахтсиз ҳодисани ўрганиб чиқишда ходимнинг ЙҲҲда айби бор-йўқлиги ва қандай даражада эканлиги белгиланади.

Саволда кўрсатилган ходимнинг мол-мулкига етказилган зарарга келсак, корхона жавобгар бўлмайди, сабаби ходимнинг ўзи шахсий автотранспортидан фойдаланган ва иш берувчининг ЙҲҲ содир этилишига дахли бўлмаган.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.