Чет эллик ходимлар билан меҳнат муносабатлари - хорижлик муассис учун рухсат берувчи ҳужжатлар

Саволнинг ID си: 18138
Корхона хорижлик муассисни штатга ишга қабул қилмоқчи.
Бунинг учун қандай рухсат берувчи ҳужжатлар олиниши лозим ва ҳар доим шундай қилиниши керакми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ўзбекистонга хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби махсус Низом (ВМнинг 25.03.2019 йилдаги 244-сон қарорига 1-илова) билан белгиланган.

Хорижлик мутахассисни ишга ёллаш учун қуйидаги ҳужжатлар олиниши лозим:

-иш берувчи - хориждан иш кучини жалб этиш учун рухсатнома;

- чет эллик фуқаро - меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома.

Ушбу ҳужжатларсиз хорижликни ишга ёллай олмайсиз (Низомнинг 46-бандлари).

Бироқ ушбу қоидада рухсатнома олиш ва тасдиқнома талаб этилмайдиган истисно ҳолат мавжуд. 

Масалан, Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатадиган ёки ташкил этиладиган хорижий ва қўшма корхоналар таъсисчилари бўлган чет эллик фуқароларни 3 ойгача муддатга жалб этишда (Низомнинг 2-банди).

Бундан ташқари, Ўзбекистонда хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини сотиб олаётган, шунингдек хорижий корхона ташкил этаётган хорижий инвесторлар ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатларсиз мазкур ташкилотда исталган лавозимда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади. Инвестициялар миқдори уларни киритиш вақтида БҲМнинг 8500 бараваридан кам бўлмаслиги лозим (7.11.2018 йилдаги ПҚ-4008-сон қарорнинг 5-банди "а" кичик банди).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.