Корхонадаги аввалги даврлардаги хатоликлар учун ўша даврдаги мансабдор шахслар масъул
1.Бошланғич ҳисоб ҳужжатларини тузган ҳамда имзолаган шахслар уларнинг ўз вақтида, тўғри ва ишончли тузилиши, шунингдек бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун белгиланган муддатларда топширилишига жавобгардир (Янги таҳрирдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун 14-моддаси, №279-I, 30.08.1996 й.).
Олдинги даврлар учун корхонанинг аввалги мансабдор шахслари (раҳбар ва бош бухгалтер) жавобгар бўлади. Улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175, 175-1 моддалари ёки Жиноят кодексининг 184-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилишлари мумкин. Ушбу санкциялар жавобгарликка сабаб бўлувчи ҳаракатларни амалга оширган конкрет шахсларга нисбатан қўлланилади.
2.Ҳозирда корхонанинг янги тайинланган мансабдор шахслари аввалгиларнинг хатолари учун жавоб бермасаларда, ушбу хатоликларни тузатиб, ҳисоботларни қайта топширишлари керак.
2020 йил учун йиллик молиявий ҳисоботлар ва ушбу йил учун солиқ ҳисоботлари сиз томонингиздан имзоланади. Бу ҳисоботлар ўсиб борувчи тартибда шакллантирилади. Уларни имзолаган мансабдор шахслар шу йил учун кўрсаткичлар ва солиқлар айнан шундайлигини тасдиқлайдилар. Шу сабабли 2020 йил учун бухгалтерия хисобини тиклаш ва солиқ ҳисоботларини қайта топшириш ўзингиз учун фойдали.
Колаверса, сотиб олган корхонангизнинг молиявий-хужалик фаолияти натижалари ҳақиқатда қандайлигини билишингиз, солиқ текшируви даврида солиқлар қўшимча ҳисобланишининг олдини олиш мақсадида, бухгалтерия ҳисобини ва ҳисоботларни тузатиб қўйишингиз мақсадга мувофиқдир.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.