Саволнинг ID си: 19002
Менинг асосий иш жойим - махсус боғча, дефектолог ўқитувчи бўлиб ишлайман. Ўриндошлик асосида бошқа боғчада логопед ўқитувчиман. 2020 йил 1 майда асосий иш жойимдан меҳнат таътилига чиқдим (ҳақ тўланди) ва ўриндошлик иш жойимдан ҳам таътилга чиқдим (лекин ҳақ тўланмаслигини айтишди).
Асосий иш жойи ва ўриндошлик иш жойи бўйича меҳнат таътили тўловлари қандай бўлади?
Экспертларнинг жавоблари:

Ўриндошлик иш жойидан ҳам тўланадиган меҳнат таътили берилиши лозим. Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарорига илова) 3-бўлимига асосан ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга ҳар йилги меҳнат таътили асосий иш жойидаги меҳнат таътили билан бир вақтда берилади.

Ўриндошларнинг меҳнат таътилига ўриндошлик асосидаги ишнинг ўртача иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда одатдаги тартибда ҳақ тўланади.

Асосий иш жойи бўйича меҳнат таътилининг давомийлиги ўриндошлик иш жойидаги меҳнат таътили давомийлигидан ортиқ бўлса, ўриндошлик иш жойи бўйича иш берувчи ўриндошнинг илтимосига кўра ушбу кунларга иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришга мажбурдир.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.