Саволнинг ID си: 19233
Республика ҳамда вилоят даражасида бўлган хўжалик ҳисобидаги ташкилот ходимларининг (масалан, директор, директор ўринбосари, бош ҳисобчи, бош мутахассис, етакчи мутахассис, бош эксперт, етакчи эксперт, хўжалик мудири, бўлим бошлиғи) лавозим разрядларини қандай аниқлаш мумкин?
Экспертларнинг жавоблари:

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги 743-сонли қарорининг 4-иловасида давлат бюджетидаги ташкилотларда хизматчиларнинг кенг тарқалган лавозимлари бўйича разрядлар жадвали белгиланган. Ушбу жадвалда кўрсатилмаган лавозимлар учун меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича разрядлар бюджет ташкилоти (давлат корхонаси) юритишида бўлган тегишли вазирлик (идора) томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.

Хўжалик ҳисобидаги давлат корхоналарида эса ўзи ёки ўзларининг юқори турувчи ташкилоти (вазирлик) билан келишилган холда разрядларни ўрнатиш мумкин.

Айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ва айрим соҳаларда меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича юқорироқ разрядлар белгиланиши мумкин. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 апрелдаги 147-сонли қарори билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси разрядлари белгиланган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, хўжалик ҳисобидаги ташкилотингиз ходимлар лавозимлари учун Ҳукумат томонидан алоҳида қарор билан разрядлар белгиланмаган бўлса, разрядларни ўзингиз юқори турувчи ташкилот билан келишилган ҳолда белгилашингиз мумкин. Разрядларни белгилашда юқорида кўрсатиб ўтилган қарорларга таянишни тавсия қиламиз.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.