Саволнинг ID си: 19365
Корхонамиз хусусий корхона ҳисобланади. Штат жадвалига асосан ходимларга иш ҳақлари маош асосида белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 16.09.2019 йилдаги 775-сон қарорига асосан раҳбарият айрим ходимларга иш ҳақи тўлашни разрядга ўтказмоқчи.
Бунда ушбу қарорга 1-иловада келтирилган ягона тариф сеткасини қўллаш мажбурийми? Корхона айрим касблар учун ўзининг ички разрядлари ва тариф коэффициентларини қўлласа бўладими?
Экспертларнинг жавоблари:

ВМнинг 18.03.1996 йилдаги 103-сон қарорининг 3-бандига асосан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасини қўллаш барча бюджет ташкилотлари учун мажбурийдир. Давлат корхонаси бўлмаган корхоналарда, шу жумладан хусусий корхонада ягона тариф сеткасини қўллаш мажбурий эмас.

Шунингдек юқоридаги қарорнинг 3-бандига кўра, тариф-малака разрядларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси асосида белгилаш ўз молиявий фаолиятини хўжалик ҳисоби асосида амалга оширувчи барча давлат ва давлат-акционерлик корхоналари ва ташкилотлари учун мажбурийдир. Мулкчиликнинг бошқа шаклларидаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларга ходимларнинг тариф-малака разрядларини (тариф коэффициентлари) ягона тариф сеткаси асосида белгилаш тавсия этилади, яъни мажбурий эмас.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, давлат корхонаси бўлмаган корхоналарда ходимлар учун разрядлар ва тариф коэффициентларини мустақил белгилаш мумкин.

Айтиб ўтиш керакки, хусусий ва бошқа нодавлат корхоналар ягона тариф сеткасини умуман қўлламасликка ҳақли. Муҳими, иш ҳақлари қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги керак.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.