Қишлоқ хўжалиги ишларига ишчилар жалб қилинганда уларнинг сони ва улар билан ҳисоб-китоб қилиш бўйича алоҳида меъёрлар қонунчиликда кўзда тутилмаган. Меҳнат муносабатлари Меҳнат кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг 11.03.1997 йилдаги 133-сонли қарорига ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Корхона ишчиларни жалб қилишда уларнинг сонини иш ҳажмига қараб белгилайди.
Меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Меҳнат ҳақи қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлиши мумкин эмас ва унинг энг кўп миқдори бирон бир тарзда чекланмайди. Меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар корхонанинг локал ҳужжатларида белгиланади. Табиий-иқлим ва турмуш шароитлари ноқулай бўлган жойларда меҳнат ҳақига район коэффициентлари ва устамалар белгиланади (Меҳнат кодексининг 153-м.).
Шунга кўра, ишчиларга корхона ўзи меҳнат ҳақини белгилайди. Ишчиларни ишга қабул қилишда меҳнат шартномаси тузилади.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.