ДМнинг валюта курсидан даромадларига солиқ солиш

Саволнинг ID си: 21393
Хорижий компания Ўзбекистонда қурилиш-лойиҳа ишларини амалга ошириши учун доимий муассасаси орқали ўз фаолиятини амалга оширади. Солиқ кодексининг 347-моддасида “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси норезиденти ДМнинг шундай норезидентнинг бош офиси ёки бошқа тузилмавий бўлинмалари олдидаги мажбуриятлари бўйича юзага келадиган курсга оид фарқлар Ўзбекистон Республикаси норезидентининг ДМ даромадлари (харажатлари) жумласига киритилмайди” деб қайд қилинган.
1. ДМнинг шундай норезидентнинг бош офиси ёки бошқа тузилмавий бўлинмалари олдидаги мажбуриятларига нималар киради? Бу бош офис ёки бошқа тузилмавий бўлинмалар олдидаги дебиторлик ёки кредиторлик қарзлар кирадими? 2. ДМнинг банкдаги валюта счетидаги пул маблағлари (валюта маблағлари бош офисдан келиб тушган) бўйича юзага келган курс фарқлари кўринишидаги даромадлари ДМнинг солиққа тортиладиган даромадлари таркибига киритиладими? Курс фарқлари бўйича даромадлар доимий муассасанинг фойда солиғи бўйича ҳисоботда курсатиладими?
Экспертларнинг жавоблари:

1.Бухгалтерия ҳисобида мажбуриятлар деганда кредиторлик қарзлари тушунилади (Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун Концептуал асоснинг 46-49-бандлари). Норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси турли хил сабабларга кўра шу норезидентнинг бош офиси ёки бошқа тузилмавий бўлинмалари олдида кредиторлик қарзлари бўлиши мумкин. СК 347-моддаси 7-қисмида бухгалтерия ҳисобида шундай кредиторлик қарзлари бўйича юзага келадиган курсга оид фарқлар фойда солиғи солиш мақсадида доимий муассасанинг даромадлари (харажатлари) жумласига киритилмаслиги айтилган.

СК 347-моддаси 7-қисмидаги норманинг ДМнинг бош офис ёки бошқа тузилмавий бўлинмалар олдидаги дебиторлик қарзларига алоқаси йўқ.

2.Фаолиятини доимий муассаса орқали амалга ошираётган норезидентнинг даромадларидан солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш СК 49-бобида назарда тутилган ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, СКнинг 43-47-бобларида белгиланган тартибда мазкур норезидент томонидан мустақил равишда амалга оширилади (СК 347-моддаси 1-қисми). СК 43-47-бобларига 297-342-моддалар киради.

Курсдаги фарқларга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари СКнинг 320-моддасида белгиланган. Курсдаги ижобий фарқ жами даромад таркибига, курсдаги салбий фарқ - харажатлар таркибига киритилади (СК 320-м. 4-қ., 297-м. 3-қ. 18-б.). ДМнинг банкдаги валюта счетидаги пул маблағлари бўйича юзага келган курс фарқлари кўринишидаги даромадлари ДМнинг солиққа тортиладиган даромадлари таркибига киритилади.

Берилган (олинган) бўнакларни қайта баҳолашдан юзага келадиган курсдаги ижобий (салбий) фарқ солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олинмайди (СК 320-моддаси 5-қисми).

ДМнинг валюта курси фарқидан даромадлари фойда солиғи ҳисоб-китобида жами даромадлар таркибида кўрсатилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.