Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақига устама тўлаб бериш имконияти

Саволнинг ID си: 22375
Ходим Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ишлайди. ВМнинг 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сон қарорига асосан спорт мактаби ходимига 300% миқдорида устама белгиланган. АВда 1995 йил 20 сентябрда 177-сон билан рўйхатдан ўтказилган Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди тўғрисидаги низомнинг 3.2 бандида “бюджет муассалари ва ташкилотларнинг юқори малакали ходимларига хизмат вазифаларини фаол ва виждонан бажаришни рағбатлантириш мақсадида ишда эришган ютуқлари учун лавозим маошининг 50 %дан кўп бўлмаган миқдорида, шу жумладан устама миқдорида рағбатлантириш берилади” деб белгиланган.
Ходимга белгиланган устамадан ташқари устама миқдорида моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан қўшимча моддий рағбатлантириш мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ўзбекистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактаблари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларнинг меҳнатини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида низомда ходимларга турли хил устамалар тўланиши мумкинлиги айтилган (ВМнинг 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сон қарорига 2-илова). Устамаларнинг жами миқдори:

  • спорт мактабининг директори, директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, инструктор-методистлари ва тиббиёт ходимлари учун - белгиланган базавий тариф ставкасининг 300 фоизидан;
  • спорт мактабининг тренер-ўқитувчилари учун - белгиланган базавий тариф ставкасининг 200 фоизидан ошмаслиги керак.
  • Спорт мактабларининг юқори тоифали спортчилар тайёрлашда салмоқли натижаларга эришган айрим тренер-ўқитувчиларига Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг қарори билан устамаларнинг жами миқдори уларга белгиланган базавий тариф ставкасининг 400 фоизигача миқдорда белгиланиши мумкин.

АВда 1995 йил 20 сентябрда 177-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 3.2-бандида эса бюджет муассалари ва ташкилотларнинг юқори малакали ходимларига хизмат вазифаларини фаол ва виждонан бажаришни рағбатлантириш мақсадида ишда эришган ютуқлари учун лавозим маошининг 50 %дан кўп бўлмаган миқдорида, шу жумладан устама миқдорида рағбатлантириш берилиши белгиланган.

Хўжалик юритувчи субъектлар ўз маблағларини қандай сарфлашни, шу жумладан, ходимларига қанча миқдорда ва қандай устамалар ва рағбатлантириш пулларини тўлашни мустақил равишда белгилайдилар (Янги таҳрирдаги «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси.).

Лекин бюджет муассасалари ва ташкилотларида бундай эмас. Ходимингизга юқорида келтирилган қонуности ҳужжатларнинг иккаласида белгиланган устамаларни бирйўла тўлаб бериш мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида савол билан юқори ташкилотингизга ва Молия вазирлигига мурожаат қилишингизни маслаҳат берамиз.

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.