Саволнинг ID си: 22842
Мен янги корхонага ишга кирганимга 1 йил бўлди. Корхона шакли - МЧЖ. Иш берувчига касаллик варақасини тақдим этдим. 3 та фарзандим бор - 2014, 2016, 2020 йилларда туғилишган.
Менга касаллик варақаси бўйича 100% тўлов қилинадими? Ёки бу тартиб фақат бюджет ташкилотлари учунми?
Экспертларнинг жавоблари:

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлинганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим (Мехнат кодексининг 285-м.).

Қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси иш стажининг давомийлигидан қатъи назар иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади (Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 26-б.).

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизларга нафақа тўлаш билан боғлиқ харажатлар:

- бюджет ташкилотлари томонидан - меҳнат ҳақи жамғармасига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида;

- хўжалик юритувчи субъектлар томонидан - фойда солиғини ҳисоблашда мазкур харажатлар солиққа тортиладиган базадан чиқариб ташланган ҳолда шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади (Низомнинг 1-б.).

Шунга кўра, корхонангизнинг мулкчилик шаклидан қатъи назар Сизга ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида нафақа тўланади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.