Саволнинг ID си: 26848
Ходимга қўлланилган интизомий жазонинг амал қилиш муддати тугамасдан, халқаро тадбирда фаол иштирок этганлиги учун моддий рағбатлантирилди. Ходимни моддий мукофотлаш МКнинг 180-моддаси 3-қисмига асосланиб, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими доирасида амалга оширилди. Тафтишчи моддий мукофотлашни шу модданинг 4-қисмига мувофиқ ноқонуний деб топди.
Шу асослими?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳа, асосли.

Интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди. Иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмайди (эски МК 180-м.).

Янги МКда ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби максимал даражада батафсил баён қилинган ва рағбатлантириш турларига кенгроқ тушунча берилган. МКга кўра, иш берувчи томонидан ходимнинг малакасига, бажарадиган ишининг мураккаблигига, миқдорига, сифати ва шароитларига қараб меҳнат учун тўланадиган суммаси, шунингдек компенсация хусусиятига эга тўловлар (компенсация хусусиятига эга қўшимча тўловлар ва устамалар, шу жумладан нормал иш шароитларидан четга чиқадиган шароитларда ишлаганлик, ноқулай табиий-иқлим шароитларида ишлаганлик учун шундай қўшимча тўловлар ва устамалар ҳамда компенсация хусусиятига эга бошқа тўловлар) ва рағбатлантирувчи тўловлар (рағбатлантирувчи хусусиятга эга қўшимча тўловлар ҳамда устамалар, мукофотлар ва тақдирловчи тўловлар) иш ҳақидир (МК 243-м.). Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилмаган рағбатлантирувчи мукофот бир марта бериладиган хусусиятга эга бўлган ҳамда иш берувчининг қарорига кўра ходимнинг олдиндан белгиланган кўрсаткичлар ва шартларга эришганлиги учун эмас, балки муайян воқеалар (юбилейлар, байрам саналари ва бошқалар) юз берганлиги ёки ходим томонидан муайян ҳаракатлар амалга оширилганлиги (иш берувчининг алоҳида муҳим топшириғини бажариш, рационализаторлик таклифини киритиш ва бошқалар) муносабати билан тўланадиган пул мукофотидир (МК 252-м.). Саволда кўрсатилган халқаро тадбирда фаол иштирок этганлиги учун тўланган рағбатлантирувчи мукофот меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайди. Интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмайди (МК 299-м.).

Ушбу вазият иш берувчи буйруқ чиқариб, интизомий жазони олиб ташлаши ва шундан сўнг мукофотлаши лозим эди (эски МК 183-м., янги МК 315-м.).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.