Саволнинг ID си: 28443
Ходим 2020 йил 1 апрелдан 2021 йил 1 апрелгача ишлаган даври учун 2023 йил июнда меҳнат таътилига чиқди. 2021 ва 2022 йилларда меҳнат таътилига чиқмаган.
Ходимга қайси даврдаги ойлик маошлари бўйича таътил пули ҳисобланади? Ходимга 2021 ва 2022 йиллар таътилини 2024 йилда берса бўладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳар йилги меҳнат таътили ҳар йили, ушбу таътил берилаётган иш йили тугагунига қадар берилиши керак. Ишлаб чиқариш хусусиятига эга сабабларга кўра жорий йилда ҳар йилги меҳнат таътилини тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда ходимнинг розилиги билан таътилнинг 14 календарь кундан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин бўлиб, ушбу йил давомида ундан фойдаланилиши шарт (МК 230-м.). Шунга кўра, меҳнат таътилини ўз вақтида бермаслик қонунбузарликка киради. Агар таътил ўз вақтида берилмаган бўлса, у кейинги йиллар берилиши шарт. Мисол учун, 2021-2022 ва 2022-2023 иш йиллари учун меҳнат таътили берилмаган бўлса, уларни 2024 йилда бериш мумкин.

Ҳар йилги меҳнат таътили дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган вақт давридир (МК 230-м.). Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимидаги ходимларнинг ўртача иш ҳақи ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан (таътил бериладиган ойдан) олдинги охирги календарь ой учун тариф ставкаси (лавозим маоши) миқдоридан келиб чиқиб, олдинги 12 календарь ой учун устамалар, мукофотлар ва бошқа тўловлар суммасининг 12-дан бир қисми ўртача иш ҳақига жамланган ҳолда белгиланади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимидаги ходимларнинг ўртача иш ҳақи ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган (таътил бериладиган ойдан) ойдан олдинги календарь ой учун ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиқиб, олдинги 12 календарь ой учун устамалар, мукофотлар ва бошқа тўловлар суммасининг ўн иккидан бир қисми ўртача иш ҳақига жамланган ҳолда белгиланади (МК 257-м.). Шундан келиб чиқиб, олдинги йиллар учун таътил берилаётганидан қатъи назар таътилга чиқаётган ойдан олдинги ой, яъни охирги календарь ойнинг тариф ставкаси (лавозим маоши) асосида таътил пули ҳисобланади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.