Саволнинг ID си: 28877
Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази штат бирликларида 3 штат бирлиги қоровул лавозими учун ажратилган ва 3 нафар қоровул ишлаб келмоқда.
Қоровулларнинг иш графиги қандай тузилади? Уларнинг тунги ва кундузги иш соатлари неча соатни ташкил этади. Ташкилот кундуз куни фаолият юритади, койка мавжуд эмас (тунги фаолият йўқ).
Экспертларнинг жавоблари:

Кечаю кундуз ишловчи қўриқлаш хизматининг ишини, мисол учун, 3 нафар эмас, 4 нафар (бригада) ходим билан ташкил қилишни тавсия қиламиз. Ҳар бир ходим (ёки бригада) 12 соатдан ишлайди (шу жумладан овқатланиш учун 1 соатлик танаффусни қўшганда). Шундай қилиб, ҳар бир иш сменаси 11 соатни, суткасига – 22 соатни, ойига – 660 соатни ташкил қилади, бу 4 нафар ходим (бригада) ўртасида тақсимланади. Ойига ҳар бир ходим (бригада) ўртача: 660 : 4 = 165 соат ишлайди, бу қонунга зид эмас. Ишлаб чиқариш шароитларига кўра дам олиш ва овқатланиш учун танаффус қилишнинг иложи бўлмаган ишларда (масалан, сменада битта қўриқчи бўлса), иш берувчи ходимга иш вақтида овқатланиш имкониятини беришга мажбурдир. Бундай ишларнинг рўйхати, овқатланиш тартиби ва жойи ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланади. 3 нафар қўриқчи билан мисолда – ҳар бири ўртача ойига 220 соат ишлаб беришига тўғри келади, бу иш вақти меъёридан ҳар бир ходим учун ўртача 50 соатга ошади. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Иш сменасининг давомийлиги 12 соат бўлганида, шунингдек меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта хавфли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.

 Албатта иш соатлари сони кўрсатилган иш жадвалини (сменаларни) тузиш керак, чунки ҳисобот даври давомида иш кунлари ва дам олиш кунлари сони, шунингдек ҳар кунги ишнинг давомийлиги ўзгаради.

Қонуний тасдиқланган сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалининг ягона шакли мавжуд эмас. Сиз ушбу ҳужжатни ўзингиз мустақил равишда ишлаб чиқишингиз ва уни ички меҳнат тартиби қоидаларига, жамоа шартномасига ёки алоҳида маҳаллий ҳужжатга илова сифатида расмийлаштиришингиз мумкин.

Сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

  • ишчилар гуруҳлари (бригадалар) ёки сменали иш режими ўрнатилган алоҳида ишчилар. Ҳар бир ходимнинг Ф.И.Ш. ва лавозими (касби, мутахассислиги) кўрсатилади;
  • сменаларнинг давомийлиги: сменанинг бошланиш ва тугаш вақти;
  • дам олиш ва овқатланиш учун танаффус вақти;
  • сменаларга бўлиниб ишлаш тартиби;
  • ҳар бир сменада ходимлар ёки бригадалар сони.

Сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалида ходимларнинг жадвал билан танишганлиги ҳақидаги имзолари учун устунни назарда тутинг.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.