Саволнинг ID си: 3167
Бюджет корхонасида ишлайман. Бизнинг корхонамизда янги ишга қабул қилинаётган ходим буйруқ бўйича бир йил синов муддати билан ишга қабул қилинади.
1. Синов муддатини ўтаётган ходимларга моддий ёрдам пуллари бериш мумкинми? 2. Синов муддатини ўтаётган ходимларга чорак якунлари бўйича ва байрамлар муносабати билан мукофотлар бериш мумкинми ёки уларга маълум вақт ишлагандан кейин ёҳуд синов муддати тугагандан кейин бериладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Синов тўғрисидаги келишув меҳнат шартномасининг қўшимча шарти ҳисобланади. Мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда дастлабки синов муддати уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмас (МКнинг 85-моддаси).

Меҳнат кодексининг 86-моддасида, дастлабки синов даврида ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва корхонада ўрнатилган меҳнат шартлари тўлиқ татбиқ этилади.

Бу, масалан:

корхонада амал қилувчи локал хужжатларда назарда тутилган қоидалар (иш хафтаси тури, кундалик ишнинг аниқ қанча давом этиши, унинг бошланиши ва тамом бўлиш вақти, дам олиш ва овқатланиш учун танафусларнинг давом этиши, иш кунлари ва ишланмайдиган кунларнинг алмашиб келиши, сменадан сменага ўтиш тартиби, корхонада белгиланган мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалар, иш вақтидан ташқари вақтда, дам олиш  ва байрам кунлари, тунги вақтда бажарилган иш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг аниқ миқдори ва бошқалар) қўлланилиши керак. Зарурият ва мухтожлиги учун ходимга моддий ёрдам бериш шулар жумласидандир.

Сиз янги қабул қилинган ходимга 1 йиллик синов муддати ўрнатишингиз  мумкин эмас, чунки Меҳнат кодекси 85-моддасининг биринчи қисмига асосан дастлабки синов муддати уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмас.
Дастлабки синовни ўташ ҳақида меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши лозим.


Бундай шартлашув бўлмаган тақдирда ходим дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган деб ҳисобланади.

Агар дастлабки синов муддати тугагунга қадар тарафлардан бирортаси ҳам меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилмаган бўлса, шартноманинг амал қилиши давом этади ва бундан кейин уни бекор қилишга умумий асосларда йўл қўйилади (МКнинг 87-моддаси).

Дастлабки синов даври меҳнат стажига киритилади.

МКнинг 86-моддасига мувофиқ дастлабки синов даврида ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва корхонада ўрнатилган меҳнат шартлари тўлиқ татбиқ этилади. Шундай қилиб, сизнинг корхонангизда жамоат шартномаси ёки алоҳида локал ҳужжатлар билан кўзда тутилган тўлов шартлари ва тартиби, агар мазкур ҳужжатларда бошқа шартлашувлар бўлмаса, синов муддатини ўтаётган ходимларга ҳам татбиқ этилади. Бу барча тўловларга, жумладан моддий ёрдам пуллари ва ҳар хил турдаги мукофотларга ҳам тааллуқли.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.