Саволнинг ID си: 3491
Корхонамиз оилавий корхона ҳисобланади (ХХТУТ коди 17210) ва тикувчилик буюмларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Корхонамиз асосан ишчилар учун махсус кийимни тайёр ва ярим тайёр кўринишда ишлаб чиқаради ҳамда уни мижозларга сотади.
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 28 январдаги ПҚ-1050-сон «Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига 2-иловада кўрсатилган имтиёзлар махсус кийимни тайёр ва ярим тайёр кўринишда ишлаб чиқарувчи корхонага қўлланадими? 2.Агар имтиёзлар қўлланса, у ҳолда ўтган ҳисобот даврларида ҳисоблаб чиқарилган ва тўланган ягона солиқ тўловларини қандай тартибда ва қайси муддатларда қайтариб олишимиз мумкин?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2009 йил 28 январдаги ПҚ-1050-сон «Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналарга имтиёзлар,  сотув умумий ҳажмида ушбу товарларни  ишлаб чиқаришдан тушум улуши ҳисобот даври якунлари бўйича камида 60 фоизини ташкил этганда 2-иловага мувофиқ берилади.

ПҚ-1050-сон Қарорнинг 2-иловаси 5-бандига асосан “Тайёр тикувчилик буюмлари, тайёр кийим (тикувчилик, трикотаж ва чарм буюмлари)” ишлаб чиқаришда солиқ ва божхона имтиёзлари бериладиган ноозиқ-овқат истеъмол товарлар гуруҳи рўйхатига киритилган.

  Бундан ташқари Ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар томонидан солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида Низомга 1-иловага (АВ томонидан 31.03.2009 йилда 1932-сон билан рўйхатга олинган) асосан  “Ишчи ва махсус кийим”  ишлаб чиқаришда солиқ ва божхона имтиёзлари бериладиган ноозиқ-овқат истеъмол товарлар гуруҳи – тайёр тикувчилик буюмлари таркибига киритилган.

Бинобарин, ПҚ-1050-сон Қарорга асосан имтиёзларни сотув умумий ҳажмида бу товарларни (тайёр тикувчилик буюмлари) ишлаб чиқаришдан тушум улуши ҳисобот даври якунлари бўйича камида 60 фоизини ташкил этадиган даврлар учун қўллаш ҳуқуқига эгасиз. ЯСТ учун ҳисобот даври – чорак. ЯСТ ортиб борувчи якун билан ҳисобланади. Бошқача сўз билан айтганда, агар 1-чорак (ярим йиллик, 9-ойлик) натижалари бўйича тушумдаги улуш мезонига мувофиқ келган бўлсангиз, йил якунлари бўйича бундай товарларни ишлаб чиқаришдан тушум улуши сотув умумий ҳажмида 60 фоиздан камни ташкил қилса, у ҳолда бутун йил бўйича ҳисобланган ЯСТ бўйича имтиёз қўлланмайди.

Шуни ҳам эътиборга олиш лозимки, 1932-сон Низомнинг 2-бандига асосан ЯСТ бўйича имтиёзлар берилиши муносабати билан бўшаб қоладиган маблағлар, корхоналар томонидан янги ишлаб чиқаришларни ташкил қилишга, шунингдек фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқаришларни модернизациялашга, реконструкция қилишга, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашё ва материалларни сотиб олишга, киритилган инвестицияларни, шу жумладан, кредитларни қоплашга йўналтирилади.

Тақдим этилган имтиёзлар натижасида бўшаган маблағлар мақсадга мувофиқ фойдаланилмаган тақдирда, бу маблағлар ўрнатилган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда бюджетга тўлиқ ўтказилади.

Бошқача айтганда, имтиёзлар қўлланиши натижасида  бўшаган маблағлардан имтиёзли давр тугагунича (01.01.2016 йилгача) мақсадга мувофиқ фойдаланишни таъминлашингиз керак.

2. СКнинг 46-моддасига асосан давлат солиқ хизмати органларига солиқ ҳисоботи тақдим этилган даврга тааллуқли хатоларни ўзи мустақил равишда аниқлаган солиқ тўловчи солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати ичида (солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ичида) ўша давр юзасидан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Мазкур норма давлат солиқ хизмати органлари томонидан молия-хўжалик фаолияти текшируви (тафтиши) доирасида текшириш ўтказилган давр учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасининг камайишини назарда тутувчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этиладиган ҳолларда қўлланилмайди.

Яъни сиз тегишли давр учун ҳисоботни қайта топшириб, тўланиши лозим бўлган ЯСТ суммасини қайтаришингиз мумкин, башарти мазкур давр молия-хўжалик фаолияти текшируви доирасида солиқ органлари томонидан текширилмаган бўлса.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.