Саволнинг ID си: 3754
1.Ягона солиқ тўлови тўловчиси ҳисобланадиган ташкилот - кўп тармоқли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси 2015 йил февраль ойида лизинг шартномаси бўйича 2015 йилда ишлаб чиқарилган 30 тоннагача юк кўтарадиган импорт ускуна - Автокранни 535 000 000 сўмга сотиб олди. Фаолият турини кенгайтириб, ташкилот июнь ойидан бошлаб шартнома бўйича ташкилот ва корхоналарга автокран хизмати кўрсатишни бошлади. Сотиб олинган ускунанинг ТИФ ТН бўйича коди 8705 10 0090 бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар Рўйхатига киради. Ташкилотимизда солиқ солиш базаси 2 300 000 000 сўмни (чакана ва улгуржи савдо 2 000 000 000 сўмни, Автокран хизматлари 300 000 000 сўмни) ташкил қилади. 2.Автомобилларга ёқилги қуйиш шохобчаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 22 декабрдаги 177-сон қарорига асосан импорт суюқ углеводород хом ашёсидан қайта ишланган автобензинни тижорат нархларида - ҳар бир литрини 3000 сўмдан олиб, 3000 сўмга реализация қилади. Нефт базаси тижорат нархида сотилган автобензинни сотиб берганимиз учун биз тақдим қилган ҳисобварак-фактурага асосан ҳар бир литрига 203 сўмдан хизмат ҳақи тўлаб бермоқда.
1. Янги импорт ускунасини фойдаланишга киритган савдо ташкилоти ЯСТ бўйича солиқ солиш базасини 25 фоизга камайтиришда ифодаланадиган солиқ имтиёзидан фойдаланиши мумкинми? 2. Автобензин реализация қилингани учун олинган ҳақ суммасидан қайси солиқ турини тўлаш лозим?
Экспертларнинг жавоблари:

1. 2015 йилда ишлаб чиқарилаган, ТИФ ТН бўйича коди 8705 10 0090  бўлган автокран янги технологик жиҳоз ҳисобланади.

АВ томонидан 11.06.2007 йилда 1688-сон билан рўйхатга олинган Қарор билан тасдиқланган Низомга, шунингдек СКнинг 356-моддасига мувофиқ ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солиш базаси янги технологик асбоб-ускуналар олишга йўналтирилган маблағлар суммасига, лекин солиқ солинадиган базанинг кўпи билан 25 фоизига камайтирилади. Солиқ солиш базасини камайтириш технологик асбоб-ускуналарни фойдаланишга жорий этилган солиқ давридан бошлаб беш йил мобайнида амалга оширилади. Ягона солиқ тўлови бўйича имтиёз технологик жиҳозга унинг харид қилиш манбаидан (ўз маблағлари ёки қарзга олинган маблағлар, шу жумладан лизинг) қатъи назар, берилади ҳамда тушум қайси фаолият турларидан тушганидан қатъи назар жами солиқ солиш базасини камайтиради. Солиқ солиш базасининг камайтирилиши технологик жиҳоз ишлаб чиқаришга киритилган ҳисобот солиқ давридан бошлаб амалга оширилади. Бунда, ҳар бир ҳисобот солиқ даврида солиқ солиш базасидан чегирилиши лозим бўлган маблағ суммаси солиқ солиш базасининг 25 фоизидан ошмаслиги лозим.

2.Воситачилик ва топшириқ шартномалари ҳамда воситачилик хизматлари кўрсатишга оид бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматлари кўрсатадиган юридик шахслар  кўрсатилган хизматлар учун ҳақ суммасидан 33 фоиз солиқ ставкаси бўйича ягона солиқ тўлови тўлайдилар (Солиқ Кодексининг 355-моддаси ҳамда ЎзР Президентининг 04.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон қарорига 10-1-илова).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.