Саволнинг ID си: 4092
Акциядорлик жамиятининг 2014 йил якунлари бўйича умумий йиғилишида 2014 йил учун соф фойда қуйидаги тарзда тақсимланди: дивидендларга - 50%, устав фондини кўпайтиришга – 40%, Кузатув кенгаши, Тафтиш комиссияси, Бошқарув аъзолари ҳамда ишчи ва хизматчиларни рағбатлантириш учун – 10%.
Акциядорлик жамиятининг ҳисобот йили якунлари бўйича умумий йиғилишида ҳисобот йили учун соф фойданинг 10 фоизини Кузатув кенгаши, Тафтиш комиссияси, Бошқарув аъзолари ҳамда ишчи ва хизматчиларни рағбатлантириш учун йўналтиришга қарор қилинди. Мукофотга қайси маблағлар ҳисобидан ЯИТ ҳисоблаб ёзилади – АЖнинг соф фойдаси ёки харажатлари ҳисобиданми? Ушбу операцияни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади?
Экспертларнинг жавоблари:

21-сонли БҲМСга биноан соф фойда дивидендлар тўлашга ва/ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ захира фондини ташкил этишга йўналтирилади. Шунингдек “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда (ЎзРнинг 06.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонуни таҳририда) фойдани дивидендлар тўлашга, захира фондини шакллантиришга йўналтириш ҳамда жамият устав капиталини кўпайтириш кўзда тутилган. Бунда соф фойдани кузатув кенгаши аъзолари, ходимлар ва ҳ.к.ларга тақсимлаш назарда тутилмаган.

Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида Низомда (ЎзР ВМнинг 05.02.1999 йилдаги 54-сон қарорига илова) рағбатлантирувчи тусдаги тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларига киритилади (Низомнинг 1.2.1-банди). СКнинг 143-моддаси 4-бандига биноан юридик шахснинг бошқарув органи (кузатув кенгаши ёки тафтиш комиссияси ҳамда бошқа шунга ўхшаш органи) аъзоларига юридик шахснинг ўзи томонидан амалга ошириладиган тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларига  киритилади. Ходимлар ва Бошқарув аъзоларини мукофотлаш рағбатлантириш хусусиятига эга тўловларга киради ва шунингдек меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларига киради  (СКнинг 143-моддаси 5-банди).

Қоидага кўра, ижрочи орган аъзолари, ходимлар, кузатув кенгаши аъзоларига пул мукофоти (мукофотлаш) тўлаш корхона локал ҳужжатларида кўрсатилган ва корхона харажати ҳисобланади.

Корхона локал ҳужжатларида йил якунлари бўйича мукофотлаш кўзда тутилмаган тақдирда, Кузатув кенгаши акциядорларнинг умумий йиғилишида  йил якунлари бўйича мукофотлар тўлаш таклифи билан чиқиши, шунингдек тўланадиган мукофотларнинг миқдорини таклиф қилиши мумкин.

Йил якунлари бўйича мукофотлар миқдорини акциядорларнинг умумий йиғилиши соф фойдага нисбатан тасдиқлаши мумкин, лекин соф фойдани йил якунлари бўйича мукофотлаш учун тақсимламайди.

 Кузатув кенгаши аъзолари, тафтиш комиссияси аъзолари, шунингдек жамият ходимларига мукофот тўловлари жисмоний шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларига киради (СКнинг 172-моддаси), улар 306-моддага мувофиқ ЯИТ солиш объекти ҳисобланади.

Агар умумий йиғилиш қарори билан Кузатув кенгаши, Тафтиш кенгаши, Бошқарув аъзолари ҳамда ишчи ва хизматчиларни  рағбатлантиришга ҳисобот давридаги жамият соф фойдасининг 10 фоизи миқдоридаги  маблағни йўналтириш белгиланган бўлса, у ҳолда ажратилган суммага ягона ижтимоий тўлов киритилиши ёки киритилмаслиги қарорда айтиб ўтилиши керак.

Мукофотларни ҳисоблаб ёзиш бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:

Дт 9430 (9420) - Кт 6710 – мукофот ҳисобланди

Дт 9430 (9420) - Кт 6520 – ЯИТ ҳисобланди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.