Саволнинг ID си: 4116
Корхонамиз юридик ва жисмоний шахсларнинг топшириғига асосан маиший пудрат ишларини бажаради. Корхона пудрат ишларини бажариш учун жисмоний шахсни штатга олишни ҳам, у билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани имзолашни ҳам хоҳламаяпти, балки маиший пудрат хизматларини кўрсатиш юзасидан топшириқ шартномасини тузмоқчи. Топшириқ шартномасига биноан топшириқ берувчи (юридик шахс) ишончли вакил (жисмоний шахс)га маиший пудрат хизматларини бажарганлик ҳақини тўлайди.
Корхона жисмоний шахснинг топшириқ шартномаси асосида олган даромадидан ЖШДС ушлаб қолиб, бюджетга ўтказиб бериши керакми?
Экспертларнинг жавоблари:

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган пудратчи маиший пудрат шартномаси бўйича буюртмачи-фуқаронинг топшириғи билан унинг маиший ёхуд бошқа шахсий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган маълум ишларни бажариш мажбуриятини, буюртмачи эса ишни қабул қилиш ва ҳақини тўлаш мажбуриятини олади (ЎзР ФКнинг 656-моддаси).

Топшириқ шартномаси бўйича бир тараф (вакил) иккинчи тараф (топшириқ берувчи)нинг номидан ва унинг ҳисобидан муайян юридик ҳаракатларни содир этиш мажбуриятини олади (ЎзР ФКнинг 817-моддаси).

Фуқаро якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир (ЎзР ФКнинг 24-моддаси). Жисмоний шахс хизматидан фойдаланиш учун сиз у билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузишингиз ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахс билан топшириқ шартномаси тузишингиз лозим.

Жисмоний шахс билан тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартнома ходимни корхона штатига расмийлаштиришни кўзда тутмайди. Бундай  шартнома бўйича муносабатлар Фуқаролик Кодекси билан тартибга солинади.

Жисмоний шахсларнинг предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномаларга мувофиқ даромадларига солиқ агенти томонидан тўлов манбаида ЖШДС солинади (СКнинг 184-моддаси).

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг тўғри ушлаб қолиниши ва ўз вақтида бюджетга ўтказилиши учун жавобгарлик даромад тўлаётган солиқ агентининг зиммасида бўлади. Мазкур солиқ суммаси ушлаб қолинмаган тақдирда, солиқ агенти ушлаб қолинмаган суммани ҳамда у билан боғлиқ пеняни бюджетга тўлаши шарт (СКнинг 185-моддаси).

Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган, қатъий белгиланган солиқ солинадиган даромадлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг солиқ солиш объекти бўлмайди (СК 169-моддаси).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.