Саволнинг ID си: 4196
Корхона ХХТУТ 17116-сон хос рақамига эга бўлган ҳолда пахта толасидан тиббий момиқ, тиббий дока ва бинт ишлаб чиқаришни режалаштиряпти. ЎзР АВ томонидан 11.01.2012 йилда 2312-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомга асосан, чет эллик инвесторлар иштирокида қўшма корхона барпо этаётган корхоналар, Низомда мавжуд қоидаларни бажарган тақдирда 3 йилдан 7 йилгача ягона солиқ тўлови тўлашдан озод қилинишлари мумкин. Бироқ Низомнинг 1-иловасида имтиёз тақдим қилинадиган корхоналарнинг ХХТУТ белгиланган бўлиб, ХХТУТ 17116-сон хос рақамига эга корхоналарга имтиёз қисман берилган. Мазкур позицияга аниқлик киритишни хоҳлардик.
ХХТУТ 17116-сон хос рақамига қайси фаолият турлари киради? Қандай фаолият турларига эга корхоналарга 11.01.2012 йилдаги 2312-сон Низом билан тақдим қилинадиган имтиёзлар тааллуқли? Пахта толасидан тиббий момиқ, тиббий дока ва бинт ишлаб чиқаришда имтиёз кўзда тутилганми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалиги тармоқларининг умумдавлат таснифлагичи (ХХТУТ) бўйича «Ип газлама саноати» тармоғига 17116-сон хос рақами берилган бўлиб,  улар жумласига тўқимачилик ва трикотаж саноати  учун йигирилган ип, хом ва тайёр ип газламалар, техник газламаларни (бельтинг, узатма қайишлари, ёнғин қўлқоплари ва шу кабилар) қўшган ҳолда момиқ, пахтали ватин, иплар ва бошқаларни ишлаб чиқарувчи корхоналар киради.

«Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилувчи корхоналар учун солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида»ги Низомда, солиқ имтиёзига эга бўлган корхоналар жумласига ХХТУТ бўйича  17116-сон хос рақамига эга бўлган, тайёр ип газлама ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган корхоналар ҳам киритилган. Лекин шу билан бирга, ушбу тармоқдаги ХХТУТ бўйича 17116-хос рақамига эга бўлиб, йигирилган ип, иплар, момиқ ва техник газламалар ишлаб чиқарувчи корхоналарга солиқ имтиёзи берилмаган (11.01.2012 йилда 2312-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан буён матнда 2312-сон Низом деб юритилади).

Демак, корхоналар фақат тайёр ип газлама ишлаб чиқарган тақдирда ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзга эга бўлади. Фикримизча,  2312-сон Низомга биноан пахта толасидан тиббий момиқ, дока ва бинт ишлаб чиқарадиган корхоналарга солиқ имтиёзлари татбиқ этилмайди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.