Саволнинг ID си: 4427
Президентнинг 28.01.2009 йилдаги “Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1050-сон Қарорига асосан хомсурп, дока ва диагональ ишлаб чиқариш корхонасига имтиёзлар бериладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Президентнинг 28.01.2009 йилдаги “Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1050-сон Қарорига асосан  2016 йил 1 январгача бўлган даврда ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарга солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялари берилган.

Ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар томонидан солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида Низомнинг (АВ томонидан 31.03.2009 йилда 1932-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қарорга илова) 1-иловасида ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференциялари бериладиган товар гуруҳларининг рўйхати келтирилган.

Улар жумласига:

I. Тайёр ип-газлама матолар (чит ва сатиндан ташқари):

Астарбоп мато, тик матоси, кўйлакбоп, шу жумладан, аралашма толадан, кўйлакбоп мато (аёллар), фланель, бумазея (паҳмоқ, бумазей), жинси матоси, сочиқбоп газлама (вафел), сочиқбоп газлама (паҳмоқли), диагонал газламаси.

II. Тайёр аралашма матолар:

Аралашмали газламаларнинг барча турлари.

III. Тайёр шойи (атласдан ташқари) матолар:

Креп шифон газламаси, креп жоржет газламаси, крепдешин, альпак, пардабоп, астарбоп, бахмал киради.

Демак, Сиз кўрсатиб ўтган ноозиқ-овқат истеъмол товарларидан, фақат диагональ газламаси ишлаб чиқарилган тақдирдагина солиқ, божхона имтиёзлари ва преференциялари тақдим қилиниши мумкин. Бунда, сотув умумий ҳажмида диагональ ишлаб чиқаришдан олинган тушум улуши ҳисобот даври якунлари бўйича камида  60 фоизни ташкил қилиши керак.

Фойда солиғи ва мулк солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилиш кўринишида имтиёзлар тақдим қилиниши муносабати билан бўшаб қоладиган маблағлар янги ишлаб чиқаришларни ташкил қилишга, шунингдек фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқаришларни модернизациялашга, реконструкция қилишга, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашё ва материалларни сотиб олишга, киритилган инвестицияларни, шу жумладан, кредитларни қоплашга йўналтирилади.

Тақдим этилган имтиёзлар натижасида бўшаган маблағлар мақсадга мувофиқ фойдаланилмаган тақдирда, бу маблағлар амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган жарима санкцияларини ҳисобга олган ҳолда  бюджетга тўлиқ ўтказилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.