Саволнинг ID си: 4595
Корхона ходими 2015 йилда аллақачон 1 420 800 сўм миқдорида моддий ёрдам олган. Бироқ унинг оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан унга яна 1 420 800 сўм тўлаш зарур.
Агар икки турдаги моддий ёрдам: ходимнинг оила аъзоси вафот этганлиги ва бошқа ҳолатлар бўйича моддий ёрдам тўланган бўлса, ЖШДС қандай ушлаб қолинади?
Экспертларнинг жавоблари:

Моддий ёрдам – бу мақсадли хусусиятга эга бўлган ҳамда ходимлар билан юз берган шахсий тусдаги воқеалар, ҳодисалар ва тадбирлар билан боғлиқ бўлган ходимларга тўланадиган пул маблағлари. Улар компенсация ва мукофот тўловлари ҳисобланмайди, бу маблағларни олувчиларнинг бажарадиган иши ва уларнинг натижаларига боғлиқ эмас.

Моддий ёрдам  мажбурий тусга эга эмас ҳамда молиявий ҳолатга боғлиқ ҳолда корхона маблағлари ҳисобидан тўланади. Моддий ёрдам тўлаш тўғрисидаги қарор ходимнинг  аризаси асосида корхона раҳбари томонидан қабул қилинади ва буйруқ билан расмийлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси СКнинг 179-моддаси 1-бандига биноан қуйидаги ходимларга йил давомида тўланган моддий ёрдам суммаларига солиқ солинмайди:

1)      фавқулодда ҳолатлар муносабати билан бериладиган моддий ёрдам суммалари – тўлалигича;

2)      вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган моддий ёрдам суммалари - энг кам иш ҳақининг ўн икки бараваригача миқдорда (мазкур норма ЎзРнинг 25.12.2013 йилдаги ЎРҚ-359-сон Қонунига асосан 1.04.2014 йилдан жорий қилинган);

3)      бошқа ҳолларда - солиқ даври учун энг кам иш ҳақининг ўн икки бараваригача миқдорда.

Бунда моддий ёрдамнинг солиқ солинмайдиган суммаси ҳисобот йилининг 1 январь ҳолатига белгиланган ЭКИҲ миқдоридан келиб чиқиб аниқланади ҳамда ЭКИҲ миқдори ўзгарган тақдирда қайта ҳисобланмайди.

Яъни, ходим ҳисобот даври мобайнида бошқа асосларга кўра 12 ЭКИҲ миқдорида (тўлов мақсадли хусусиятга эга бўлиши ҳамда ходимлар билан юз берган шахсий тусдаги воқеалар, ҳодисалар ва тадбирлар билан боғлиқ бўлиши лозим) ва унинг оила аъзоси вафот этганлиги (оила аъзоси – эр (хотин), ота-оналар ёки фарзандликка олувчилар ва болалар) муносабати билан 12 ЭКИҲ миқдорида солиқ солинмайдиган моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Сизнинг ҳолатингизда моддий ёрдамнинг 1 420 800 сўмдан ҳар иккала суммасига ЖШДС солинмайди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.