Саволнинг ID си: 5013
Мен ишлаган акциядорлик жамиятида 11 ойдан бери ойлик иш ҳақи берилмайди. Бунга сабаб жамиятнинг бюджет олдидаги йирик миқдордаги (2 млрд сўм) қарздорлигидир. Ҳозирги кунда иш ҳақи бўйича 100 млн сўмга яқин қарздорлик мавжуд.
Кечиктириб (ўз вақтида тўланмаган) тўланадиган ойлик маошларини индексация қилиш ёки пеня қўшиб ҳисоблаш қонунчиликда кўзда тутилганми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ўз вақтида ва тўлиқ иш ҳақига бўлган ҳуқуқ Ўзбекистон меҳнат қонунчилиги билан ҳимояланади.

Меҳнат кодексининг 161-моддасига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда 1 мартадан кам бўлиши мумкин эмас.

Бунда жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкин.

Амалиётда бу норма унчалик ишламайди.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги ходимларга иш ҳақи тўламаганлик учун иш берувчиларга ҳар хил турдаги юридик жавобгарликни белгилайди.

Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналар ва ташкилотлар ходимларига иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун хўжалик юритувчи субъектларнинг жавобгарлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилинган (19.03.2002 йилдаги 88-сон).

Қарорнинг 3-бандида вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ходимларга иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун шахсан жавоб бериши белгиланган.

Иш ҳақини тўламаслик мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка олиб бориши мумкин.

МКнинг 161-моддасини бажармаганлик меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши деб баҳоланади ҳамда иш берувчиларни текшириш мобайнида ёки давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан шикоятни кўриб чиқишда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси билан кўзда тутилган энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўладиган жавобгарликка олиб келади.

Шундай қилиб, иш ҳақини индексация қилиш қонунчиликда кўзда тутилмаган. Бу ҳолатда иш берувчининг жавобгарлиги фақат жамоа шартномаси ёки локал норматив ҳужжатда кўзда тутилиши мумкин.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.