Агар корхонангиз аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширса НКМ ва тўлов терминалидан фойдаланиш шарт.
СКнинг 72-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш билан товарларни реализация қилиш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш Назорат-касса машиналарининг давлат реестрига киритилган фискал хотирали назорат-касса машиналари мажбурий қўлланилган ҳолда амалга оширилади, бундан нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишни, фаолиятининг ўзига хос хусусияти сабабли назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган айрим тоифадаги юридик ва жисмоний шахслар мустасно.
Фаолиятининг ўзига хос хусусияти сабабли нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишни назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган айрим тоифадаги юридик ва жисмоний шахсларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Президентнинг “Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 19.04.2010 йилдаги ПҚ-1325-сон Қарорининг 4-бандига асосан чакана савдо ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари банк пластик карточкаларидан тўловлар қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозланиши лозим.
Мазкур қарор билан белгиланишича, хўжалик субъектларининг тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва улардан фойдаланишга оид талабларга риоя қилмаслиги назорат-касса машиналари билан жиҳозлаш ва улардан фойдаланиш тартибини, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишга тенглаштирилади ҳамда уларга қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик юкланади.
Фискал хотирали назорат-касса машиналарини ва (ёки) тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш мажбурий бўлгани ҳолда уларни ишлатмасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, худди шунингдек сотиб олувчига квитанциялар ёзиб бериш, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бериш мажбурий бўлгани ҳолда бундай ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик - энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу ҳаракатлар жарима қўлланилганидан кейин бир йил ичида содир этилганда - энг кам иш ҳақининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Техник талабларга жавоб бермайдиган назорат-касса машиналаридан фойдаланганлик ёки фискал хотирасининг хизмат кўрсатиш дастури бузилган назорат-касса машиналаридан фойдаланганлик, шунингдек пластик карточкалар асосида тўловларни қабул қилишни рад этганлик - энг кам иш ҳақининг юз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу ҳаракатлар жарима қўлланилганидан кейин бир йил ичида содир этилганда - энг кам иш ҳақининг икки юз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (СКнинг 119-моддаси).
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.