Саволнинг ID си: 5471
Акциядорлик жамиятининг (АЖ) асосий фаолият тури дон ва дон маҳсулотларини қайта ишлаш ҳисобланиб, сотишдан тушган тушумнинг 98%и мазкур фаолият турига тўғри келади. Шунингдек биз бошқа фаолият турларини, масалан, ўз эҳтиёжимиз учун махсус кийим тикиш ва четга сотишни амалга оширамиз. АЖ ўзининг МЧЖ шаклидаги ШК устав фондига бадал сифатида ёрдамчи хўжаликлар мол-мулкини (чорва моллари, боғдорчилик) киритишга қарор қилди. Хусусан акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига асосан боғлар ШК балансига топширилди.
1) Бошқа, асосий бўлмаган фаолият турлари бўйича товар (иш, хизмат)ларни сотишда ҚҚС солинадиган оборот ва мақсадли жамғармаларга ажратмалар бўйича солиқ солинадиган база вужудга келадими? 2) Ўриндошлик асосида ишловчи жисмоний шахслар даромадларидан қандай ставка бўйича қандай солиқлар ушлаб қолиниши лозим? Ишга киришда қандай ҳужжатларни талаб қилиш керак? 3) Мол-мулкни ШК Устав фондига бадал сифатида топширишда фойда солиғи ва ҚҚС бўйича қандай солиқ оқибатлари вужудга келади? 4) Боғ жойлашган ер участкасини ШКга топшириш учун маҳаллий ҳокимият органларининг қарори зарурми?
Экспертларнинг жавоблари:

1. ЎзР СКнинг 199-моддасига мувофиқ мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини ўтказиш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш бу ўтказишни амалга ошириш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш қайси фаолият тури доирасида амалга оширилишидан қатъи назар ҚҚС солинадиган оборот ҳисобланади. Бунда ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база ЎзР СКнинг 202-моддасига мувофиқ аниқланади.

ЎзР СКнинг 313, 317, 325-1-моддаларига мувофиқ мажбурий ажратмалар учун солиқ солиш объекти ва солиқ солинадиган база бўлиб соф тушум ҳисобланади. ЎзР СКнинг 22-моддасига мувофиқ соф тушум - товарлар (ишлар, хизматлар) нархида ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ҳамда транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ суммаларини киритмаган ҳолда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум. Бинобарин, ёрдамчи хўжалик ва тикиш устахонаси товарларини сотишдан олинган тушум га давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар солинади.

2. Ўриндошлик асосида ишловчи жисмоний шахсларнинг даромадларига жисмоний шахслар даромадлари учун кўзда тутилган барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар солинади.

Асосий бўлмаган иш жойидан ёки бошқа юридик шахслардан олинган даромадларга тўлов манбаида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш жами даромад суммасидан ЎзР СКнинг 179-моддаси 1-бандининг тўртинчи хатбошисида ҳамда 180-моддасида назарда тутилган имтиёзлар қўлланилмаган ҳолда, белгиланган ставкалар бўйича ҳисобланишига қараб, йил бошидан ортиб борувчи якун бўйича амалга оширилади.

Агар асосий бўлмаган иш жойидан ёки бошқа юридик шахслардан даромад оладиган жисмоний шахс бухгалтерияга унинг даромадидан энг юқори ставка бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ушлаб қолиш тўғрисида ариза берса, у ҳолда даромад тўловчи юридик шахслар юқорида кўрсатилган имтиёзларни қўлламаган ҳолда энг юқори ставкада жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ушлаб қолади.

Ишга қабул қилишда барча даъвогарлардан қуйидагиларни тақдим қилишни талаб қилиш лозим:

- паспорт ёки уни ўрнини босувчи ҳужжатни, ўн олти ёшгача бўлган шахсдан эса – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва яшаш жойидан маълумотнома;

- меҳнат дафтарчаси (бундан биринчи марта ишга кираётганлар мустасно). Ўриндолик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан маълумотнома тақдим қиладилар;

- ҳарбий билет ёки ҳарбий рўйхат гувоҳномаси, тегишинча, ҳарбийга мажбурлар ёки чақирилувчилар учун;

- олий ёки ўрта махсус ўқув юртини тугатганлик тўғрисида диплом, мазкур ишни бажариш ҳуқуқига доир гувоҳнома ёхуд бошқа тегишли ҳужжат (қонунчиликка мувофиқ уни бажаришга фақат махсус маълумот ёки махсус тайёргарликка эга шахслар қўйилиши мумкин бўлган ишга киришда);

- солиқ тўловчи идентификация рақами берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

- жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси (шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи рақами тўғрисида маълумот олиш учун).

Юқорида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидагилар тақдим этилади:

- тиббий кўрик натижалари тўғрисидаги ҳужжат (маълумотнома, хулоса) – Меҳнат кодексининг 214-моддасида кўрсатилган шахслар томонидан;

- ота-онасидан бирининг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги – ўн олти ёшга тўлмаган шахслар томонидан;

- илмий даражалар ва илмий унвонлар тўғрисидаги дипломлар, муаллифлик гувоҳномалари нусхалари, илмий асарлар ва ихтиролар, публикациялар ва ҳ.к. рўйхатлари – қонунчиликка мувофиқ илмий, илмий-педагогик, ижодий ходимлар томонидан;

- яшаш гувоҳномаси – чет эл ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан.

3. Устав фондига (устав капиталига) қўшилган ҳисса ЎзР СКнинг 199-моддасига мувофиқ ҚҚС ҳисоб-китоби мақсадларида реализация қилиш обороти ҳисобланади. Бунда ЎзР СКнинг 204-моддасига мувофиқ асосий воситалар ва номоддий активлар устав фондига топширилган тақдирда, солиқ солинадиган база қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳам ўз ичига оладиган, уларнинг реализация қилиш нархи билан қолдиқ қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида белгиланади. Агар асосий воситалар ва номоддий активлар қолдиқ қиймати бўйича топширилса, у ҳолда солиқ солинадиган база нолга тенг бўлади.

ЎзР СКнинг 129-моддасига мувофиқ устав фондига (устав капиталига) олинган ҳиссалар фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда жами даромад таркибига киритилмайди. ЎзР СКнинг 355-моддасига мувофиқ эса улар ЯСТ бўйича солиқ солинадиган объект сифатида қаралмайди.

Шу билан бир вақтда бошқа юридик шахслар ёки оддий ширкат устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида топширилган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар қиймати ЎзР СКнинг 141-моддасига мувофиқ юридик шахснинг харажати ҳисобланмайди.

4. Боғ ШК устав фондига топширилганда боғнинг кадастр ҳужжатлари рўйхатдан ўтказувчи органда қайта расмийлаштирилади.

ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 07.01.2014 йилдаги 1-сон қарори билан тасдиқланган Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ “20. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши қуйидаги ҳужжатлар асосида рўйхатдан ўтказилади:

ер участкаларига доимий эгалик қилиш, доимий ва муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун - давлат ҳокимияти органларининг муайян юридик ва жисмоний шахсларга ер участкаси бериш тўғрисидаги, ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори;

ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун - давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари томонидан берилган давлат ордери;

ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун - давлат ҳокимияти органларининг ер участкасини ижарага бериш тўғрисидаги ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари асосида ваколатли органлар томонидан тузилган ер участкасининг ижара шартномаси”.

Бошқача айтганда кадастр органларида ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун маҳаллий ҳокимият органларининг тегишли қарори зарур.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.