Саволнинг ID си: 5773
Корхонамизнинг асосий фаолияти юридик шахсларга лизинг хизмати кўрсатишдан иборат. Шунингдек, корхонамиз балансида қуриб битказилган бино бўлиб, мазкур бинодаги хоналар ижара шартномаси асосида бошқа юридик шахсларга фойдаланишга берилади. 10.05.2012 йилдаги 1754-сонли Президент Қарорининг 5-иловасига мувофиқ, лизинг хизматлари кўрсатишдан олинган даромадлар 2017 йил 1 январга қадар ягона солиқ тўлови тўлашдан озод қилинган. Ушбу Қарорнинг 5-иловасига мувофиқ, микрофирма ва кичик тадбиркорлик субъектларининг умумий тушумлари ҳажмида солиқ имтиёзлари қўлланиладиган тушум суммаси 80 % ва ундан зиёд бўлган тақдирдагина хўжалик субъектининг барча даромадлари ягона солиқ тўловидан озод қилиниши кўрсатиб ўтилган. 2016 йил январь ойи мобайнида корхонамиз умумий тушум ҳажмида лизинг улуши (имтиёз қўлланиладиган) 80,45 фоизни, ижара фаолиятидан олинган тушум улуши 19,55 фоизни ташкил қилган. 2016 йил февраль ойи мобайнида корхонамиз умумий тушум ҳажмида лизинг улуши (имтиёз қўлланиладиган) 78,95 фоизни, ижара фаолиятидан олинган тушум улуши 21,05 фоизни ташкил қилган. 2016 йил январь-февраль ойлари учун (йил бошидан ўсиб борувчи якун тартибида) жами даромад ҳажмида лизинг улуши 79,96 фоизни, ижара тушуми улуши 20,04 фоизни ташкил қилган.
Лизинг хизматларини кўрсатувчи корхоналарнинг йил давомида ушбу хизматлар улуши ялпи тушумда ўзгариб турса уларга берилган ягона солиқ тўлови имтиёзидан фойдаланиш тартиби қандай бўлади?
Экспертларнинг жавоблари:

Лизинг хизматларини кўрсатувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар 2017 йилнинг 1 январига қадар ягона солиқ туловини (ЯСТ) тулашдан озод қилинганлар (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида 2006-2010 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 17 апрелдаги ПҚ-325-сонли қарори билан белгиланган, 5-илова).

Фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзлар қўлланилиши тартиби Айрим хизматларни кўрсатаётган юридик шахслар учун фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомда (АВ 17.07.2006 й. 1594-сон билан руйхатга олинган) белгиланган.

1594-сон Низомнинг 5-бандига мувофиқАгарда лизинг хизматларини кўрсатувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар ушбу «имтиёзли» хизматлар турини кўрсатишдан тушган соф фойдаси товарлар (ишлар, хизматлар) сотишдан тушган фойда умумий ҳажмининг 80 ва ундан ортиқ фоизини ташкил этса, имтиёз уларнинг барча даромадларига нисбатан қўлланади.

Фаолиятнинг бир нечта турлари амалга оширилганда, «имтиёзли» хизматларни кўрсатишдан тушган соф улуш уларни кўрсатишдан тушган соф фойдани умумлаштириш ва ҳосил бўлган суммани барча турдаги фаолиятдан товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотишдан тушган соф фойдага бўлиш йўли билан аниқланади.

Бу шуни англатадики, «имтиёзли» хизматлар улуши корхона бир неча фаолият тури билан шуғуллансагина аниқланади. Сизнинг корхонангиз эса факат битта фаолият тури-лизинг хизматини кўрсатиш билангина шуғулланади, яъни унинг ялпи тушумдаги улуши 100% ни ташкил этади. Ижарадан олинган даромадлар эса корхонанинг бошқа даромадларига киритилади (СК 132-моддаси 2-банди). Фаолият турлари улушларини аниқлашда бошқа даромадлар ҳисобга олинмайди. Бу хулоса 1594-сон Низомнинг 5-бандида келтирилган мисолдан келиб чикади.

Шундай килиб, агар сизнинг корхонангиз лизинг хизматларидан ташқари бошқа фаолият билан шуғулланмаса, у ҳолда имтиёз ушбу фаолиятдан тушган тушумларга ҳамда ижарадан олинган бошқа даромадларга нисбатан хам қўлланилади.

Ушбу имтиёзни расмийлаштириш ва бухгалтерлик ҳисобида акс эттириш «Юридик шахсларга солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни   бюджетга   тўлаш   бўйича   берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерлик ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисида Низом» (АВ 2.04.2005 й. 1463-сон билан руйхатга олинган) нинг 3-булими билан тартибга солинади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.