Саволнинг ID си: 5820
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида фаолият кўрсатаётган педагогларнинг малака лавозимлари бўйича аттестация комиссияси қарори билан берилган малака тойифа сертификати муддати 2016 йил феврал ойида якунланди, бироқ кейинги аттестация 2016 йил апрел ойига режалаштирилган. Март ва апрел ойларига педагогларга малака тойифаси бўйича ҳақ тўлаш қандай амалга оширилади. Яъни олдинги малака тойифаси бўйича ёки туширилган малака тойифасида тўлов амалга ошириладими?
Экспертларнинг жавоблари:

    Малака тоифаси бериш тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган тақдирда сиз малака тоифаси учун устама олиш ҳуқуқига эгасиз.

Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида низомнинг 3-бандига1 мувофиқ Халқ таълими ходимларининг лавозим маошлари:

-халқ таълими муассасаларининг педагог ходимлари ва раҳбар ходимларининг ҳар бир лавозими ва малака тоифаси учун белгиланган базавий тариф ставкалари асосида шакллантирилади. Базавий тариф ставкаси Ягона тариф сеткаси бўйича тариф ставкасини ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тариф ставкасига доимий устамаларни, шунингдек педагог ва раҳбар ходимларнинг айрим тоифалари иш ҳақига қўшилган компенсация тўловларини ўз ичига олади;

-ходимларга қонун ҳужжатларида белгиланган устамалар ва қўшимча тўловлар асосида шакллантирилади.

Халқ таълими педагог ходимларининг базавий тариф ставкалари:

ходимнинг лавозимига;

ходимнинг малака тоифасига;

халқ таълими муассасасининг типига боғлиқ равишда табақалаштирилади.

Халқ таълими ходимларининг касбий ўсишини рағбатлантириш учун қуйидаги малака тоифалари ва ушбу малакаларни олиш учун ходимларнинг маълумот даражасига қўйиладиган асосий талаблар белгиланади:

ўрта махсус, касбий (педагогик ёки бажарилаётган лавозим вазифаларига мувофиқ бўлган) маълумотга эга бўлган, тоифаси бўлмаган ходим;

бакалавр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга бўлган мутахассис;

бакалавр, магистр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга бўлган иккинчи тоифали мутахассис;

бакалавр, магистр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга бўлган биринчи тоифали мутахассис;

бакалавр, магистр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга бўлган олий тоифали мутахассис.

Халқ таълими ходимларига малака тоифалари бериш Раҳбар ва педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги Низомга2 мувофиқ амалга оширилади (кейинги ўринларда Низом деб юритилади).

Низомнинг 52-бандига асосан педагог кадрларга малака тоифаси беш йил муддатга берилади, бу муддат ўтгандан кейин педагог ўз малака тоифасини тасдиқлашга мажбур. Низомда сертификатнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин ходимнинг малака тоифасини бекор қилиш белгиланмаган. Низомда кейинги аттестация комиссияси мажлисида у буни тасдиқлашга мажбурлиги тасдиқланган. Шунинг учун янги аттестацияга қадар ходим учун унинг малака тоифаси ва тегишинча лавозим маошига устама сақланади.

 

______________________________

[1] ЎзР ВМнинг 21.12.2005 йилдаги 275-сон қарорига 3-илова)

[1] АВ томонидан 18.01.2006 йилда 1540-сон билан рўйхатдан ўтказилган

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.