Саволнинг ID си: 6007
Корхонамиз томонидан фуқаролик ҳуқуқий шартномаларга асосан бир йил муддатга ва мавсумий давр учун 3 ойга ва 6 ойга мавсумий ишчилар ҳар хил ишларга жалб қилинади.
Корхонамиз томонидан мавсумий ишларга жалб этилган ишчилар учун қандай солиқ оқибатлари вужудга келади? Даромад солиғи қандай ҳисобланади ҳамда қандай ҳисоботлар тақдим этилади?
Экспертларнинг жавоблари:

Корхона жисмоний шахслар билан фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартномаларни маълум бир иш (хизмат)ларни бажариш учун тузади. Бу ҳолатда жисмоний шахс ва корхона ўртасидаги муносабатлар Меҳнат Кодекси билан эмас, балки Фуқаролик Кодекси билан тартибга солинади.

Фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича тўловлар шартномада кўрсатилган тартибда, бажарилган иш (хизмат)лар далолатномаси асосида тўланади.

Предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 172-моддаси).  Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар қатъий белгиланган солиқ солиш объекти бўлиб, унга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғисолинмайди (Солиқ кодексининг 169-моддаси).

Солиқ кодексининг 186-моддаси 8-қисмига мувофиқ, асосий бўлмаган иш жойидан ёки бошқа юридик шахслардан олинган даромадларга тўлов манбаида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш жами даромад суммасидан Солиқ Кодексининг 179-моддаси 1-бандининг тўртинчи хатбошисида ҳамда 180-моддасида назарда тутилган имтиёзлар қўлланилмаган ҳолда, белгиланган ставкалар бўйича ҳисобланишига қараб, йил бошидан ортиб борувчи якун бўйича амалга оширилади.

Агар асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олаётган жисмоний шахс бухгалтерияга ўз даромадидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг юқори ставкаси бўйича ушлаб қолиш тўғрисида ариза берса, даромадлар тўлаётган юридик шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ушбу бўлимда назарда тутилган имтиёзларни қўлламаган ҳолда энг юқори ставка бўйича ушлаб қоладилар.

Белгиланган ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланган, бюджетга тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган даромадларидан "0" ставка бўйича солиқ солинадиган даромад (энг кам иш ҳақининг бир баравари) чегирилган ҳолда 1% миқдорида ҳисоблаб чиқариладиган ҳар ойлик мажбурий бадаллар суммасига камайтирилади (ЎзР Президентининг 22.12.2015й. 2455-сон Қарорига 9-Илова). Аммо бундай тартиб фақат белгиланган ставкалардан келиб чиқиб даромад солиғини ушлаб қолишда амал қилади. Агар солиқ энг юқори ставкаси бўйича ушлаб қолинса, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган бадаллар солиқ солинадиган даромаддан 1 фоизи миқдорига тенг бўлади, яъни солиққа тортиладиган даромадлар энг кам иш ҳаққининг 1 баробарига камайтирилмайди.

Фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича тўловлар меҳнатга  ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар бўлганлиги сабабли, улардан суғурта бадаллари ушлаб қолинади ва уларга ягона ижтимоий тўлов ҳисоблаб чиқарилади (Солиқ кодексининг 306-моддаси).

Ҳисоботларга келсак, фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ҳисобланган тўловлар қуйидаги ҳисоботларда акс эттирилади:

- ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотлар- йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молия ҳисоботини тақдим этиш муддатида;

- ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига

суғурта бадаллари ҳисоб-китоби- ортиб борувчи якун билан ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилади;

- ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15-санасигача  электрон ҳужжат шаклидаги киритилган бадаллар кўрсатилган шахсий жамғариб бориладиган пенсия тизимида қатнашувчи ходимлар реестри.

Ундан ташқари, иш берувчилар асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотномани солиқ даври тугаганидан сўнг ўттиз кун ичида давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиши шарт (Солиқ кодексининг 187-моддаси 1-банди). Жисмоний шахсларнинг ёзма аризаси асосида белгиланган энг юқори ставка бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган даромадлар бўйича, уларнинг олинган жойидан қатъи назар, маълумотнома тақдим этилмайди.

Жисмоний шахслар эса ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай даромадлар бўйича жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни давлат солиқ хизмати органига тақдим этадилар (Солиқ кодексининг 192-моддаси 1-қисми).

Агар солиқ тўловчининг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадларидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи унинг аризасига кўра белгиланган энг юқори ставка қўлланилган ҳолда ушлаб қолинган бўлса, даромадлар тўғрисида декларация тақдим этилмайди (Солиқ кодексининг 189-моддаси).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.