Саволнинг ID си: 6148
Ташкилотимиз ходимни чет элга (Сингапур) га 8 кунга командировкага юборди. Унга бўнак сифатида олдиндан 1 816 АҚШ долларини беришни режалаштирдик. (Кундалик харажатлар норматив 8*45$ ва турар жой учун 8*182$) Ташкилотимиз ходимга ушбу суммани хорижий валютада тўлай олмади, чунки хорижий валюта счетида зарурий маблағлар йўқ эди. Тахминий хисоб билан 6 000 000 сўм маблағни ходимнинг пластик картасига ўтказиб бердик. Ходим сафар харажатларининг бир қисмини (Хорижга чиқиш-келишни рўйхатдан ўтказиш ва парвоз вақтида хаётни суғурталаш) сўмда амалга оширди. Сафар харажатларининг қолган қисмини Сингапурда АҚШ долларида амалга оширди.
1. Ходимнинг сафар харажатлари учун ўзи хорижий валютани банк орқали сотиб олгани қонуний харакатми? 2. Ходимдан бўнак ҳисоботини қайси валютада талаб қилишимиз тўғри?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Жисмоний шахс томонидан валюта қимматликларини сотиб олишда унинг мақсадларини кўрсатилишига қонунчилик томонидан талаб қўйилмаган.

Ўзбекистон Республикасининг 07.05.1993 й. 841-XII-сон "Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги Қонунининг 13 – моддасига мувофиқ жисмоний шахслар ўз мулкида Ўзбекистон Республикасида олинган ёки сотиб олинган валюта бойликларига эга бўлишга, шунингдек валюта бойликларидан қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда фойдаланишга ҳақлидирлар.

Юқорида кўрсатилган Қонуннинг мазмунидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, корхонангиз ходими бўлмиш жисмоний шахснинг сафар харажатлари мақсадида хорижий валютани мустақил харид қилиши ва уни ушбу мақсадларда сарфлаши амалдаги қонунчиликка зид эмас.

2. “Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низом” (АВ томонидан 19.11.2015 й. 2730-сон билан рўйхатга олинган)нинг 43 – бандига мувофиқ, хизмат сафари харажатларига берилган маблағлардан фойдаланганлик тўғрисидаги бўнак ҳисоботи ташкилот бухгалтериясига хизмат сафаридан қайтиб келингандан кейин уч иш кунидан кечиктирмай бўнак олинган валютада тақдим этилади. Хизмат сафари натижалари бўйича якуний ҳисоб-китоб ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳақиқий харажатлар бўйича, белгиланган меъёрлар ва қўшимча тўловларни ҳисобга олган ҳолда, бўнак ҳисоботини қабул қилиш кунидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича амалга оширилади. Шундай қилиб, хизмат сафарига юборилган ходим амалда ишлатилган маблағлар бўйича сўмда ҳисобот тақдим этиши лозим. Хорижий валютада амалга оширилган харажатлар бўнак ҳисоботини қабул қилиш кунидаги ЎзР Марказий банки курси бўйича сўмга қайта ҳисобланиши керак. Айтиб ўтиш лозимки, юқорида кўрсатилган Низомнинг 1-Иловасида келтирилган тураржой учун харажатлар меъёри ҳар бир кун учун эмас, балки ҳар бир сутка учун белгиланган.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.