Саволнинг ID си: 6303
Корхона пластмасса буюмлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. ЯСТ минимал миқдори ҳисоб-китобида пасайтирувчи коэффициент қўлланилган – 0.5. Биринчи чоракда ишлаб чиқариш бўлган, бироқ сотиш (солиқ солинадиган оборот) бўлмаган.
Агар ишлаб чиқариш корхонаси (ЯСТ тўловчиси) ҳисобот чорагида маҳсулот ишлаб чиқарган, бироқ уни сотмаган бўлса, у амалга ошираётган фаолият турига боғлиқ ҳолда пасайтирувчи коэффициентни қўллаши мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

Фикримизча, ЯСТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китобида корхона  пасайтирувчи коэффициентни қўллаши мумкин эмас.

Сизнинг корхонангиз пластмасса буюмлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади, “Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом”га (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ЯСТни тасдиқланган ставкалар бўйича, бироқ минимал миқдор – пасайтирувчи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда эгаллаган ер участкаси майдонидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқариладиган ер солиғининг 3 карра суммасидан кам бўлмаган миқдорда  тўлайди.

2203-сон Низомга 1-иловада қуйидаги пасайтирувчи коэффициентлар белгиланган:

К1амалга оширилаётган фаолият турига боғлиқ ҳолда қўлланадиган пасайтирувчи коэффициент (асосий фаолият тури товар ишлаб чиқариш (саноат соҳаси) бўлган микрофирма ва кичик корхоналар) – 0.5);

 

 

К2 - юридик шахснинг жойлашган ерига боғлиқ ҳолда  қўлланадиган пасайтирувчи коэффициент (амалга ошираётган фаолият туридан қатъи назар, бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудларда жойлашган ташкилотлар учун – 0,7).

Сиз К1 (0,5) – асосий фаолият тури товар ишлаб чиқариш (саноат соҳаси) бўлган кичик корхона сифатида пасайтирувчи коэффициентни қўллагансиз.

Асосий фаолият турини аниқлашда Солиқ кодексининг 22-моддасига амал қилиш зарур. Корхонанинг ҳисобот даври якунлари бўйича умумий реализация қилиш ҳажмидаги соф тушум улуши устунлик қиладиган фаолияти асосий фаолият ҳисобланади. СКнинг 359-моддасига асосан чорак ЯСТ бўйича ҳисобот даври ҳисобланади.

Шундай қилиб, асосий фаолият турини аниқлаш ЯСТ минимал миқдорини аниқлаш каби ҳар чоракда амалга оширилади (2203-сон Низомнинг 7-банди).

ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ягона солиқ тўловининг Маълумотнома-ҳисоб-китобида (2203-сон Низомга 3-илова) ҳисобот чораги учун ЯСТ ҳисоб-китоб суммаси ҳисобот чораги учун ЯСТнинг энг кам миқдори билан таққосланади.

Юқорида баён этилганларга асосан, агар сотишдан олинган тушум мавжуд бўлмаса, корхона амалга оширилаётган фаолият турини аниқлай олмайди ва ЯСТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китобида тегишли пасайтирувчи коэффициентни қўллай олмайди, деб ҳисоблаймиз.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.