ХКнинг ўзига хос жиҳати шундаки, ХКнинг ягона мулкдори нафақат устав капиталини шакллантириши, балки ушбу корхонада раҳбар сифатида ишлаши, яъни корхонани якка бошқариши керак. (Меҳнат кодексининг 15-моддаси 2-банди; Ўзбекистон Республикасининг 11.12.2003 й. 558-II-сон "Хусусий корхона тўғрисида"ги Қонунининг 14-моддаси).
Хусусий корхона мулкдори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- хусусий корхонанинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган фойдасидан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиш;
- хусусий корхонага тегишли мол-мулкни бошқа шахсга бериш, ижарага бериш, гаровга қўйиш, бошқа юридик шахсларнинг устав фондига ҳисса сифатида киритиш ёки ушбу мол-мулкни бошқача усулда тасарруф этиш. Яъни, соф фойданинг бир қисмини мулк билан- уй-жой шаклида олиши мумкин. Ўз қарорига кўра уй-жойни ягона мулкдорга тегишли соф фойда ҳисобига бериш тўғрисидаги буйруққа асосан.
Хусусий корхона мулкдори ўзи вақтинчалик бўлмаган тақдирда шу муддатда раҳбарлик вазифасини бажариб туришни бошқа жисмоний шахс зиммасига юклаш тўғрисида ёзма қарор қабул қилади. Хусусий корхона мулкдори муваққат раҳбарнинг хусусий корхона мол-мулкини тасарруф этишга оид ҳуқуқини чеклаб қўйиши мумкин.
Вафот этганлиги, муомалага лаёқатсизлиги, муомала лаёқати чекланганлиги ёки бедарак йўқолган деб топилганлиги оқибатида мулкдорнинг хусусий корхона раҳбари вазифасини бажариши мумкин бўлмай қолган тақдирда хусусий корхонани бошқариш фуқаролик қонун ҳужжатларига ва хусусий корхонанинг уставига мувофиқ амалга оширилади.
Шу тариқа, корхона раҳбари фақат ўзи вақтинчалик бўлмаган муддатга корхонани бошқариш мажбуриятларини ўзиниг ўринбосарларига бериши мумкин.
Хусусий корхона (ХК) мулкдорининг вақтинчалик корхона раҳбарлиги лавозимидан четлаштирилишига қарамасдан, у корхонанинг ягона мулкдори бўлишдан тўхтамайди ва корхонанинг соф фойдасини ўз ҳоҳишига кўра ишлатишга ҳақлидир. Айни вақтда хусусий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан сўнг корхона мулкдорининг тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси, Хусусий корхона тўғрисида"ги Қонунининг 24-моддаси).
Қурилиш ташкилотингиз томонидан қурилган уй-жойлар сизнинг корхонангизнинг тайёр маҳсулоти ҳисобланади. Соф фойда ҳисобига корхона мулкдорига берилган уй-жой маҳсулот реализацияси сифатида баҳоланади ва ягона солиқ тўлови базасига киритилади.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.