Саволнинг ID си: 6387
Ҳозирда ишончномага асосан зиммасига юкланган Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланган юридик шахс доимий муассасага тегишли тўловларни ўрнатилган тартибда амалга оширилишини таъминлаган ҳолда тегишли солиқ ҳисоботларини тақдим этиб келмоқда. Қуйидаги саволларга жавоб беришингизни сўраймиз: 1. Сингапур резиденти бўлган компания Сингапурда солиқ суммасини чегириш мақсадида Ўзбекистонда тўлов манбаидан тўланган даромад солиғи миқдори ҳақидаги маълумотнома олиши мумкинми? 2. Хорижий фуқаролар – Ўзбекистон норезидентлари солиқ органларида рўйхатга туришлари ва СТИР олишлари шартми (Ўзбекистон Республикасида 183 кундан кам бўлган муддатга келган ёки Ўзбекистонга келмасдан Сингапур Республикасида даромад олувчи хорижий шахслар)? 3. Хорижий фуқаролар учун Ўзбекистон Республикасида декларация топшириш тартиби қандай? Улар ўз даромадлари тўғрисида рақамли электрон имзодан фойдаланиб декларация топширишлари мумкинми? 4. Ўзбекистон Республикасида тўланган даромад солиғи тўғрисидаги маълумотномаларни хорижий фуқароларга бериш тартиби қандай? 5. Йил якуни бўйича 1 февралга қадар доимий муассаса солиқ органларига норезидент фуқаролар олган даромадлари ва улардан ушлаб қолинган солиқ суммалари тўғрисидаги маълумотнома топшириши керакми? Электрон тарзда маълумотномани топширишнинг имконияти йўқ, сабаби сингапурда даромад олувчи фуқаролар Ўзбекистон Республикасида СТИРга эга эмас.
Ўзбекистон Республикасидаги хорижий компаниянинг доимий муассасасида ишловчи жисмоний шахслардан солиқ ушлаш, тўлаш ва уларнинг даромадлари тўғрисидаги солиқ ҳисоботларини топшириш тартиби қандай?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Ҳа, олиши мумкин. Солиқ кодексининг 31-моддасига мувофиқ солиқ тўловчилар ўз солиқ мажбуриятлари: ҳисобланган ва тўланган солиқ суммалари юзасидан давлат солиқ хизмати органлари ҳамда бошқа ваколатли органлардаги мавжуд маълумотларни олиш ҳуқуқига эгалар. 

2. ЎзР ВМ 11.03.1997 й. 130-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини бериш ва қўллаш тизими тўғрисида Низом”нинг 7,8-бандларига мувофиқ, идентификация рақами солиқ тўловчиларнинг қуйидаги тоифаларига берилади:

а) юридик шахсларга;

б) қуйидаги тоифадаги жисмоний шахсларга (Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, кейинги ўринларда "фуқаролар" деб юритилади);

асосий яшаш жойи бўйича фуқароларга шу жумладан Ўзбекистон Республикаси резидентларига;

доимий яшаш жойига эга бўлмаган, бироқ солиқ мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пайдо бўлган фуқароларга;

Солиқ солиш мақсадида ҳисобга олинадиган фуқароларга Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган фуқаролар, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинча турганлар ҳам; Ўзбекистон Республикасида календарь йилда 183 кундан кўпроқ турган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар киради.

Шу тариқа, хорижий фуқаролар агар Ўзбекистон резиденти бўлсалар ҳамда Ўзбекистон Республикасида солиққа тортилувчи даромад олсалар СТИР олишлари керак.

3.Солиқ кодексининг 189 ва 192-моддаларига мувофиқ даромадлар тўғрисида декларацияни Ўзбекистон Республикаси резидентлари тақдим этадилар.

Чет эллик жисмоний шахс – жорий йилнинг 1 апрелига қадар Ўзбекистон Республикасининг резидентига айланган шахс ҳам ўтган солиқ даври учун даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этиши керак, бунда ушбу шахс ўтган йилда Ўзбекистон резиденти бўлган ёки бўлмаганлиги аҳамиятли эмас.

Агар чет эллик жисмоний шахс - Ўзбекистон Республикасининг резиденти 1 февралдан кейин ўз фаолиятини тугатган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиб кетаётган бўлса, жорий йилда Солиқ кодексининг 189-моддасига мувофиқ солиққа тортиладиган даромадлари бўлса у ҳақиқатда олган даромадлари тўғрисидаги декларацияни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиб кетишидан бир ой аввал тақдим этилиши лозим. Шу тариқа агар чет эллик жисмоний шахс масалан 22 мартда мамлакатдан чиқиб кетмоқчи бўлса, ва бу кунга у резидент сифатида тан олинса у 22 мартга қадар ўтган йил учун, 23 февралга қадар эса жорий йилнинг ўтган даври учун декларацияни тақдим этиши керак.

Агар чет эллик жисмоний шахс - Ўзбекистон Республикасининг резиденти жорий йилнинг 1 февралига қадар хорижга чиқиб кетаётган бўлса, жорий йил учун даромадлар бўйича декларация тақдим этилмайди, аммо ўтган йил учун даромадлар тўғрисида декларацияни тақдим этиши зарур.

Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация электрон шаклдаги ахборот тарзида тақдим этилиши мумкин (Солиқ кодексининг 191-моддаси), шунингдек,  Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 2 майдаги 125-сон “Давлат солиқ хизмати органларининг солиқ тўловчиларга ахборот хизмати кўрсатишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Қарори ва Ўзбекистон Республикасининг 11.12.2003 й. 562-II-сон "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, солиқ тўловчи томонидан молиявий ва солиқ ҳисоботлари электрон рақамли имзодан фойдаланиб телекоммуникация каналлари орқали электрон ҳужжат сифатида жўнатилиши мумкин.

Чет эллик шахслар – норезидентлар даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этишга мажбур эмаслар.

4. Солиқ кодексининг 186-моддасига мувофиқ Солиқ агентлари жисмоний шахснинг талабига биноан унга даромадларининг суммалари ва турлари ҳақида, шунингдек жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммаси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган шаклда маълумотнома беришлари шарт.

5. Солиқ кодексининг 168-моддасига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг - Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган даромадларига Солиқ Кодексининг 182-моддасида назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда ва ставкалар бўйича солиқ солинади.

Жисмоний шахсларнинг - Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан меҳнат шартномалари (контрактлари) ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича олинган даромадларига чегирмаларсиз 20% ставкада солиқ солинади (Солиқ кодксининг 182-моддаси).

Солиқ кодексининг 184-моддасига мувофиқ жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқни тўлов манбаида ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш мажбурияти фаолиятни Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси норезидентларига ҳам юклатилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, чет эллик фуқаролар – норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида (Сингпурда) олган даромадлари ЖШДС  солиқ манбаи ҳисобланмайди, шунинг учун ушбу даромадлар солиқ ҳисоботларида акс эттирилмайди. Чет  эллик фуқаролар – норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали олган даромадлари эса ЖШДС объекти ҳисобланади.  Мос равишда доимий муассаса солиқ агенти сифатида қуйидаги мажбуриятларга эга

1)      асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган шаклда, солиқ даври тугаганидан сўнг ўттиз кун ичида давлат солиқ хизмати органларига маълумотнома тақдим этиши шарт;

2)      йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молия ҳисоботини тақдим этиш муддатида давлат солиқ хизмати органларига ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган шаклда тақдим этиши шарт.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.