Саволнинг ID си: 6463
Мен бюджет ташкилотида фаолият юритаман. 2015/2016 йилга ишлаган даври уун меҳнат таътилимни 2016 йилнинг 6 май кунидан бошлаб, раҳбар буйруғи асосида меҳнат таътилига чикдим. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 148-моддасига мувофиқ, таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасдан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилиши белгиланган. Лекин менга меҳнат таътилим учун ҳақ 2016 йилнинг 6 июнь куни яъний меҳнат таътили тугандан сўнг тўлаб берилди. Бу масала бўйича ташкилот бош бухгалтери бюджет ташкилотлари учун янги УзАСБО дастури жорий этилганли айтиб, шу дастурга асосан меҳнат таътилига ҳақ тўлаш фақат ой якуни билан тўланадиган ҳисоб китоб билан ҳисобланиши айтиб ўтилди.
Бюджет ташкилотлари учун жорий этилган УзАСБО дастури Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексига тўғри келадими?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳақиқатдан ҳам, Меҳнат кодексининг 148-моддаси 2-қисмида таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга ошилириши белгиланган.

Қонуннинг ушбу қатъий талаби ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, уларнинг таътил вақтидан унумли фойдаланишини, таътил даврини пулни олиш учун сарфламаслигини ва ортиқча сарсон бўлмаслигини кафолатлайди.

Агар кўриб чиқилаётган ҳолатда ҳақиқатдан ҳам, саволда номи тилга олинган электрон дастурнинг айрим техник параметрлари юқоридаги қонун талабига тўғри келмаса, бу ҳолат бартараф этилиши шарт.

Шунингдек, ушбу важ асосида таътил учун ҳақ тўлашни кечиктирилиши ноқонуний бўлиб, бундай қонунбузилишига йўл қўйган айбдор мансабдор шахсларнинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилишига асос бўлади. Ушбу моддага мувофиқ меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши, - энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Савол муаллифи ўз ҳуқуқларини бузилган деб ҳисобласа, бу борада Меҳнат вазирлигининг ҳудудий бўлимига, прокуратура идораларига ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилучи ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.