Саволнинг ID си: 6470
Жисмоний шахс ўзига тегишли нотураржой объектини юридик шахсга олди-сотди шартномаси асосида сотди.
Жисмоний шахс юридик шахсга нотураржой биносини сотса, юридик ва жисмоний шахсда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
Экспертларнинг жавоблари:

Солиқ кодексининг 22-моддасига мувофиқ  мол-мулк - бу эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш объектлари бўла оладиган моддий объектлар, шу жумладан пул маблағлари, қимматли қоғозлар, улушлар (пайлар, ҳиссалар) ҳамда номоддий объектлардир.

Жисмоний шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган нотураржой биносини сотишдан олган даромади мулкий даромадларга киради (Солиқ кодексининг 176-моддаси).

Нотураржой биносини реализация қилишдан олинган даромад мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Мол-мулкни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати, кўчмас мулк бўйича эса, инвентаризация қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги фарқ даромад деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 176-моддаси 4-банди).

Солиқ кодексининг 184-моддасига мувофиқ мулкий даромадлар тўлов манбаида жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиққа тортилувчи даромадларга киради, яъни солиқни ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш мажбурияти юридик шахс зиммасига юклатилган бўлади.

Жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулкни реализация қилишдан олинган даромадларга белгиланган энг кам ставка бўйича солиқ солинади (Солиқ кодексининг 181-моддаси). 2016 йил учун энг кам ставка 7.5% этиб белгиланган (ЎзР Президентининг 22.12.2015й. 2455-сон Қарорига 9 – илова).

Жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқнинг ҳисобланган суммасини солиқ тўловчидан ушлаб қолиш солиқ агенти солиқ тўловчига тўлаётган ҳар қандай пул маблағлари ҳисобидан, мазкур пул маблағлари ҳақиқатда солиқ тўловчига ёки унинг топшириғига биноан учинчи шахсларга тўланаётганда амалга оширилади.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг тўғри ушлаб қолиниши ва ўз вақтида бюджетга ўтказилиши учун жавобгарлик даромад тўлаётган солиқ агентининг зиммасида бўлади. Мазкур солиқ суммаси ушлаб қолинмаган тақдирда, солиқ агенти ушлаб қолинмаган суммани ҳамда у билан боғлиқ пеняни бюджетга тўлаши шарт.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.