Саволнинг ID си: 6486
Жисмоний шахс ер ва мулк солиғи бўйича мажбурияти борлигини қандай билиши мумкин?
Экспертларнинг жавоблари:

Жисмоний шахсларни солиқ органлари томонидан ҳисобланган ер ва мулк солиғи суммалари ҳақида хабардор қилиш тартиби Солиқ кодексининг 277 ва 293-моддалари билан белгиланган: Солиқ суммаси ва тўлов муддатлари кўрсатилган солиқни тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномаси давлат солиқ хизмати органи томонидан жисмоний шахсга имзо қўйдирилган ҳолда ёки тўлов хабарномаси олинганлигини ва олинган санани тасдиқловчи бошқа усулда ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширилади. Бюджет билан ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотни шунингдек ДСҚнинг www.soliq.uz сайтидан ҳам билишингиз мумкин. Бунинг учун  “Хизматлар” бўлимида “Интерактив давлат хизматлари” қисмидан “Жисмоний шахсларга” бўлими орқали жисмоний шахснинг солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича шахсий карточка айланмасини олиш ва солиқларни тўлаш учун квитанцияларни чиқариб олиш мумкин.

Сайт орқали маълумот олиш учун шахс СТИР рақамини билиши ва электрон рақамли имзо (ЭРИ) калити олиши керак. Ушбу сайтда шахс ўзининг СТИР рақамини билиши мумкин, шунингдек  Давлат Солиқ Қўмитасида рўйхатга олинганлиги ва солиқ тўловчининг идентификацион рақами бириктирилганлиги ҳақидаги Гувоҳномани (6-шакл)  “СТИРни аниқланг” интерактив хазмати орқали шакллантириши мумкин. Бунинг учун у ўз паспорт маълумотларини киритиши етарли.   Агар “СТИР топилмади” деган жавобни олсангиз маълумотларни тўғри киритганлигингизни текшириб кўринг. Агар маълумотлар тўғри киритилган бўлса, СТИР аниқланмаса, рўйхат жойидаги солиқ инспекциясига мурожаат қилишингиз лозим.

ЭРИни рўйхат жойидаги солиқ инспекциясидан олиш мумкин, унинг қиймати тўлов кунидаги ЭКИҲ 10% га тенг.

Солиқ қарзлари бўйича маълумотлар учун яна бир манба бу - Ўзбекистон Республикасининг интерактив давлат хизматлари ягона порталидир (www.my.gov.uz). Қарзлар тўғрисидаги маълумотни билиш учун сайтда рўйхатдан ўтиш керак. Кейин “Солиқ” бўлимидан “Солиққа тортиш” бўлимини танлаб,  “Солиқ қарзлари бўйича маълумотлар” ва “Хизматдан фойдаланиш” бўлимларига ўтиш керак, хизматдан фойдаланиш учун СТИР рақамини киритиш керак бўлади. Яқинда солиқ органларининг электрон давлат хизматлари янги портали “Электрон солиқ хизматлари” (www.my.soliq.uz) ишга туширилди. Унда “Шахсий кабинет” бўлимида “Жисмоний шахслар учун” бандида жисмоний шахсларга тақдим этиладиган хизматлар рўйхати билан танишиб чиқиш мумкин. Улар жумласида “Жисмоний шахсларнинг солиқлари бўйича маслаҳатлар”, “Солиқларни тўлаш квитанциялари” ва “Мол – мулк солиғи калькулятори” кабилар бор. Ушбу хизматлардан фақатгина ЭРИ калити бўлгандагина фойдаланиш мумкин.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.