Саволнинг ID си: 6489
Корхона халқ банкига ходимлардан 1%ли ажратмалар реестрини жўнатиш учун https://e.halkbank.uz сайтидан фойдаланади. Баъзи ҳолатларда реестрни жўнатишда тушунмовчиликлар юзага келади.
Ходимларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи реестрини жўнатишда тушунмовчиликлар бўлса қайси ташкилотга мурожаат қилиш керак (сайт эгаларигами ёки Республика Халқ банкигами)?
Экспертларнинг жавоблари:

Сиз солиқ  рўйхатидан ўтган туманингиздаги Халқ банкининг филиалига мурожаат қилишингиз керак.

Жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсан ҳисобга олишни юритиш Ўзбекистон Республикаси Халқ банки зиммастига юклатилган.

Халқ банки томонидан фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсан ҳисобга олишни юритиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.12.2004 й. 595-сон Қарорига 1-илова) нинг 7-бандига мувофиқ, жамғариб бориладиган пенсия тизимида мажбурий тартибда қатнашаётган фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга олиш иш берувчи томонидан иш берувчи солиқ рўйхатига олинган жойдаги Халқ банкининг филиалида амалга оширилади.

Ҳар бир иш берувчи ҳисобот ойидан кейинги ойининг 15-кунигача ҳар ойда шахсий жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этаётган ходимлар реестрини жамғариб бориладиган пенсия тизими ягона маълумотлар электрон базаси форматида электрон ҳужжат сифатида шакллантириши иш берувчи солиқ рўйхатига олинган жойдаги Халқ банки филиалига электрон манбаларда тақдим этиши ёки уни Интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги шахсий "тадбиркорлик субъекти кабинети" ёхуд Интернет тармоғининг реестрни юбориш имконини берувчи бошқа сайтлари орқали бевосита жамғариб бориладиган пенсия тизими ягона маълумотлар электрон базасига юбориши шарт.

Халқ банки жамғариб бориладиган пенсия тизимига бадаллар тўғрисидаги маълумотларнинг тегишли шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ва ягона маълумотлар электрон базасига ўз вақтида киритилишини таъминлаши шарт (595-сон Низомнинг 30-банди).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.