Саволнинг ID си: 6666
Алкоголли маҳсулотларни чакана савдоси билан шуғулланувчи юридик шахс қайси солиқ ҳисоботларини топширади?
Экспертларнинг жавоблари:

Алкоголли маҳсулотларни чакана савдоси билан шуғулланувчи юридик шахслар қуйидаги солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича солиқ ҳисоботларини топширишлари керак:

Ягона солиқ тўлови.

Алкоголли маҳсулотларни чакана савдоси билан шуғулланувчи корхона савдо корхонаси ҳисобланади. Солиқ солиш мақсадида савдо корхоналари жумласига савдо фаолияти ўтган ҳисобот йили якунлари бўйича асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар киради. Савдо корхоналари ходимларнинг сонидан қатъи назар ягона солиқ тўловини тўловчилари ҳисобланади.

ЯСТ бўйича солиқ ҳисоботи МВ ва ДСҚ томонидан 04.03.2013й «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўгрисидаги» 23, 2013-8-сонли қарори билан тасдиқланган солиқ ҳисоботи шаклида топширилади (АВ рўй. №2439 22.03.2013й.).

Ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса - йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.

Алкоголли маҳсулотларни чакана савдоси билан шуғулланувчи корхоналар Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ (АВ рўй. №2439 03.03.2011й.) эгаллаб турган ер майдонидан келиб чиқиб, ҳисоблаб чиқарилган ер солиғининг уч бараваридан кам бўлмаган миқдорда ЯСТ тўлашлари лозим. Бунинг учун ЯСТ тўловчиси ҳар йили 1 февралгача, янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари эса ЯСТ ҳисоб-китоби тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай ушбу низомнинг 2-иловасида белгиланган шакл бўйича Маълумотномани тақдим этадилар.

Акцизли товарларнинг айрим турларини сотиш ҳажмлари тўғрисидаги маълумот.

Айрим турдаги акцизли товарларни ишлаб чиқариш ва сотишнинг ҳисоби тизими тўғрисидаги Вақтинчалик низомга асосан (АВ рўй. №1390 26.07.2004й.) ЎзР ДСҚ томонидан тасдиқлайдиган шаклда (АВ рўй. №2074 27.01.2010й.), акцизли товарларни сотиш ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай тақдим этишлари керак.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлов манбаида солиққа тортилиши кўзда тутилган бўлиб (СҚ 184 моддаси) ушбу солиқ тури бўйича солиқ ҳисоботлари Адлия вазирлигида 22.03.2013й 2439-сон билан рўйхатга олинган солиқ ҳисоботи шаклида йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса - йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.

Шунингдек ҳисобот йили тугаганидан сўнг ўттиз кун ичида асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотнома тақдим этилиши шарт.

Ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига мажбурий суғурта бадаллари.

Ягона ижтимоий тўловни тўловчиси бўлиб юридик шахс ҳисобланади. Суғурта бадалларини ҳисоблаш ва ушлаб қолиш мажбурияти иш берувчи зиммасига юклатилган (СҚ 305 моддаси).

Ягона ижтимоий тўловни ва суғурта бадаллари бўйича солиқ ҳисоботлари Адлия вазирлигида 22.03.2013й 2439-сон билан рўйхатга олинган солиқ ҳисоботи шаклида ҳар ойда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса - йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.

Шу билан бирга, чакана савдо корхоналари Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низомга мувофиқ (АВ рўй. №2200 23.02.2011й.) ҳар йили 1 февралга қадар, янги ташкил қилинганлари эса давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб 30 кун ичида Низомнинг 1а ва 1б-иловаларига мувофиқ шаклда ахборотни тақдим этадилар.

Юқоридагилардан ташқари корхонангиз фаолияти давомида тўлов манбаида солиққа тортиладиган дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар, норезидентларнинг даромадлари, шунингдек норезидентлардан импорт қилинган иш ва ҳизматлар учун ҳисобланадиган ҚҚС юзага келган тақдирда, сиз ушбу солиқ турлари бўйича хам солиқ ҳисоботларини белгиланган шаклларда ва муддатларда солиқ идорасига тақдим этишингиз лозим бўлади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.