Ўзбекистон Республикасида меҳнатга оид муносабатлар Меҳнат кодекси ҳамда меҳнат тўғрисидаги бошқа қонун хужжатларига мувофиқ тартибга солинади. Фермер хўжаликларида меҳнат муносабатлари «Фермер хўжалиги тўғрисидаги» Қонуннинг 23 моддасига асосан амалга оширилади (26.08.2004й. 662-II-сон билан рўйхатга олинган янги таҳрири).
Фермер хўжалиги ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тарафларнинг келишувига кўра пул ҳамда натура тарзида, қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.08.2015 йилдаги ПФ-4751-сонли Фармони билан белгиланган иш ҳақининг энг кам миқдори 130240 сўмни ташкил этади.
Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган коэффициент миқдори 2,476 ташкил этади.
Муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи 322474,24 сўмдан кам бўлмаслиги керак (130240с*2,476=322474,24с).
Сизнинг мисолингизда, 2016 йил июн ойида ташкил этилган фермер хўжалиги ходимига ойлик меҳнат ҳақини ҳисоблаб чиқиш тартибини кўриб чиқамиз.
Масалан бир ой учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимга белгиланган ойлик меҳнат ҳақи 500000 сўмни ташкил этади.
Ходим 16 июнда ишга қабул қилинган ва июн ойида 26 иш кунидан 13 кунини ишлаган.
Бунда июн ойи учун ҳисобланиши лозим бўлган меҳнат ҳақи 250000 сўмни ташкил этади (500000сўм : 26кун х 13кун).
Шунингдек фермер хўжалигида ишбай меҳнатга ҳақ тўлаш усулини қўлланилиши ҳам мумкин. Бунда ходим томонидан зарур тарзда ишлаб чиқарилган маҳсулот сони ёки бажарилган ишлари ҳажми ҳисоб-китоби юритилади.
Ишбай меҳнатга ҳақ тўлаш усулини қўллашда ходимларга амалда бажарилган ишлар (ишлаб чиқарган махсулот сони) учун белгиланган нарҳлардан (тарифлардан) келиб чиқиб меҳнат ҳақи ҳисобланади. Ҳисоб-китоб юритишда ўлчов бирлиги сифатида ходим томонидан муайян вақт давомида ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми ёки маҳсулот бирлигини ишлаб чиқаришга сарфланадиган вақт олиниши мумкин.
Ишбай меҳнатга ҳақ тўлашда маҳсулот бирлиги қиймати, ишлаб бериш меъёри ёки вақт нормаси иш берувчи томонидан ходим билан келишилган холда мустақил равишда белгиланади.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.