Саволнинг ID си: 6793
Асосий фаолият тури – ип газлама саноати (ХХТУТ коди: 17116) бўлган, янги очилган ва устав фонди 150,0 минг АҚШ доллари, шундан хорижий таъсисчининг улуши 80% га тенг бўлган қўшма корхона қайси турдаги солиқлардан қандай имтиёзларга эга?
Экспертларнинг жавоблари:

Корхонангиз Устав жамғармаси 150 минг АҚШ долларига тенг бўлиб, шундан хорижий таъсисчининг улуши 80% ни ташкил этади. Агар бундан ташқари хорижий таъсисчи сифатида юридик шахс иштирок этаётган бўлса, унда сизнинг янги очилган ташкилотингиз хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона ҳисобланади (30.04.1998 й. 609-I-сон  “Хорижий инвестициялар тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси).

Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилувчи ва қонун ҳужжатларида тасдиқланадиган рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар учун айрим солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзларни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари назарда тутилади. Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар дейилганда чет давлатнинг фуқаролари бўлган жисмоний шахслар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий равишда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек хорижий нодавлат юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган инвестициялар тушунилади (Солиқ кодексининг 376-моддаси).

Тўғридан – тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилувчи корхоналар учун берилган имтиёзлар “Хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун асосий кафолатлар, имтиёзлар ва афзалликлар рўйхати”да (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.04.2012 й. ПФ-4434-сон Фармонига 1 – Илова) батафсил келтирилган.

Ушбу Фармонга асосан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилувчи ва қонун ҳужжатларида тасдиқланадиган рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган, шу жумладан ХХТУТ коди 17116 бўлган (ҳисобот йили якунларига кўра муайян маҳсулот ишлаб чиқаришдан тушумнинг улуши реализациянинг умумий ҳажмида 60 фоиздан кам бўлмаган) юридик шахслар озод қилингандирлар. Назарда тутиш керакки, ХХТУТ коди 17116 бўлган корхоналар бевосита тайёр ип газлама ишлаб чиқариш билан шуғулланишлари керак (Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилувчи корхоналар учун солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида Низомга 2-Илова, АВ томонидан 11.01.2012 й. 2312-сон билан рўйхатга олинган, кейинги ўринларда 2312-сон Низом деб юритилади).

Агар сизнинг янги очилган корхонангиз тайёр ип газлама ишлаб чиқарувчиси бўлса ва у қуйидаги қўшимча шартларга жавоб берса солиқ имтиёзларидан фойдаланиши мумкин:

-                        тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларнинг ҳажми 300 минг АҚШ долларидан кам бўлмаслиги керак. Сиз келтирган маълумотдаги киритилган инвестициялар ҳажми (120 минг АҚШ доллари) имтиёзлардан фойдаланиш имкониятини бермайди. Аммо инвестицияларнинг умумий ҳажмига нафақат хорижий инвесторнинг корхона устав капиталига киритмаларини, балки шунингдек у томонидан тақдим этилган қарзлар, реинвестициялар, беғараз молиявий ёрдам (агар шулар бўлса) суммаларини ҳам киритиш керак;

-                       корхоналарни, республиканинг барча шаҳарлари ва қишлоқ аҳоли пунктларида жойлаштириш, бундан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти истисно;

-                       хорижий инвесторлар томонидан хусусий тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни Ўзбекистон Республикасининг кафолати берилмаган ҳолда амалга ошириш;

-                       корхонанинг устав капиталида хорижий иштирокчиларнинг улуши камида 33 фоизни ташкил этиши лозим;

-                       хорижий инвестицияларни эркин алмаштириладиган валюта ёки янги замонавий технологик ускуна тарзида қўйиш;

-                       мазкур имтиёзларнинг қўлланилиши муддати давомида имтиёзлардан олинган даромаднинг камида 50 фоизини корхонани янада ривожлантириш мақсадида қайта инвестициялашга йўналтириш.

Мазкур солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддати хусусий тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ҳажмига боғлиқ (2312-сон Низомнинг 5-банди а қисми) ва 3 йилдан 7 йилгача муддатни ташкил этади.

Солиқ имтиёзларидан ташқари тўғридан – тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилувчи корхоналар учун шунингдек божхона божларини тўлаш бўйича ҳам имтиёзлар назарда тутилган. Ушбу имтиёзларни тадбиқ қилиш ҳолатлари 4434-сон Президент Фармонининг 5-бандида ёритиб берилган.

Тўғридан – тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилувчи корхоналар ўзларига берилган солиқ ва божхона имтиёзлари билан бир қаторда шунингдек Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари учун белгиланган барча солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланишлари мумкин, жумладан:

- экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришда (имтиёзлар тасдиқланган маҳаллийлаштириш Дастурлари лойиҳалари билан белгиланган);

- юқори талабга эга халқ истеъмол товарларини ишлаб чиқаришда (сизнинг ҳолатингизда ноозиқ-овқат товарлари);

-товарлар (ишлар, хизматлар) экспортида (фойда солиғи ва ЯСТ ставкалари экспорт улушига боғлиқ пасайтирилиши);

-технологик ускуналарни импорт қилишда (Солиқ кодексининг 159 ва 356-моддалари) ва бошқалар.

Сизнинг корхонангиз фаолияти туридан келиб чиқиб (ноозиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш, жумладан ип газлама маҳсулотларини ишлаб чиқариш) сиз тўғридан – тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилувчи корхона бўлиш – бўлмаслигингиздан қатъий назар ЎзР Президентининг 28.01.2009й.  ПҚ-1050-сон Қарори билан белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш имкониятингиз бор.   

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.01.2009 й. ПҚ-1050-сон "Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган (сотув умумий ҳажмида ушбу товарларни ишлаб чиқаришдан тушум улуши ҳисобот даври, яъни чорак якунлари бўйича камида 60 фоизини ташкил этадиган) корхоналарга 2018 йил 1 январгача бўлган муддатга бир қатор солиқ имтиёзлари ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялари берилган. Солиқ имтиёзлари ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялари қуйидаги кўринишда берилган: выражены в виде освобождения от :

- фойда солиғи тўлашдан озод этиш;

- мулк солиғи тўлашдан озод этиш;

- микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ЯСТ тўлашдан озод этиш;

- Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этиш;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё ҳамда материалларни божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиш.

Ноозик-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар томонидан солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 31.03.2009 й. 1932-сон билан рўйхатга олинган)нинг 1-Иловасида имтиёзлар тадбиқ этиладиган товарларнинг батафсил рўйхати келтирилган. Ушбу рўйхатдаги биринчи товар гуруҳи бу тайёр ип газлама матолардир.

Янги ташкил этилган корхонага ҳам қонунчиликда бир қатор имтиёзлар назарда тутилган.

Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллайдиганлар ва ЯСТ тўловчилари бўлганлар (савдо корхоналаридан ташқари) Солиқ кодексида белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тегишли йил учун тасдиқланган ставкалар бўйича, лекин энг кам миқдордан - эгаллаб турган ер майдонидан келиб чиқиб, пасайтирувчи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ер солиғининг уч бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар (ЯСТдан озод қилинганларга тааллуқли эмас). Аммо ушбу талаб янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектларига, давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб, 6 ой давомида тадбиқ этилмайди (Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом, АВ томонидан 03.03.2011 й. 2203-сон билан рўйхатга олинган, кейинги ўринларда 2203-сон Низом деб юритилади).  

Шунингдек бундай корхоналарга ягона ижтимоий тўлов (ЯИТ) бўйича ҳам имтиёзлар белгиланган (чакана савдо, умумовқатланиш ва қурилиш корхоналаридан ташқари).  ЯИТ тўловчилари бўлган микрофирмалар ва кичик корхоналар ЯИТни Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган тартибда тегишли йил учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланган ставка бўйича, бироқ унинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар (Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом, АВ томонидан 13.04.2010 й. 2095-сон билан рўйхатга олинган). Аммо ушбу низом нормалари  янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектларига, давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб, 6 ой давомида тадбиқ этилмайди.

Янгидан ташкил этилган ва умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлган корхоналарга мулк солиғи бўйича имтиёзлар белгиланган. Солиқ кодексининг 269-моддасига мувофиқ янгидан ташкил этилган корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб, икки йил давомида ушбу солиқни тўлашдан озод этилгандирлар.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.