Саволнинг ID си: 6877
МЧЖ шаклидаги қўшма корхона (хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона)нинг иккита таъсисчиси бўлиб, улардан бири юридик шахс – норезидент ўз улушини иккинчи таъсисчи – жисмоний шахс – резидентга ҳақ олмасдан бепул бермоқчи. Шунда жисмоний шахс – резидент 100 фоизлик улушга эга бўлган ягона таъсисчига айланади.
МЧЖдаги ўз улушини норезидент юридик шахс резидент жисмоний шахсга бепул берса қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
Экспертларнинг жавоблари:

ЎзР Солиқ кодексининг 177 – моддасига мувофиқ юридик шахс томонидан жисмоний шахсга текинга берилган мулк қиймати жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади.

Хорижий юридик шахс – ҳадя этувчи ушбу ҳолатда солиқ агенти бўла олмайди, чунки Солиқ кодексининг 184 – моддасига мувофиқ жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқни тўлов манбаида ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш мажбурияти фаолиятни Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари ҳамда чет эл юридик шахсларининг ваколатхоналари зиммасига юклатилади. Бунда Солиқ кодексининг 20 – моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси норезидентининг ЎзР резиденти бўлган юридик шахснинг устав жамғармасидаги (устав капиталидаги) улушга эга бўлиши доимий муассасанинг ҳосил бўлишига олиб келмайди.

Солиқ кодексининг 189 – моддасига мувофиқ солиқ агенти бўлмаган манбалардан олинган даромадлар декларация асосида солиққа тортилади. Юридик шахсдан текинга олинган мулк шаклидаги даромадларга шкала бўйича солиқ ҳисобланади.

Текинга мулкни олган жисмоний шахс доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этиши керак.

Юридик шахслар учун: Совға қилувчи – норезидент ва уставдаги улуши текинга берилаётган МЧЖ учун ҳеч қандай солиқ оқибати юзага келмайди. Чунки улар даромад олишмаяпти ва ушбу битимда солиқ агенти сифатида иштирок этишмаяпти.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.