Саволнинг ID си: 6955
Бизнинг ходимимиз ишни олий ўқув юртида ўқиш билан бирга олиб борган ҳолда 14.00 дан 18.00 гача ишлайди. У ўқишдан кейин 14.00 дан 22.00 гача саккиз соатлик иш кунида ишлаш истагини билдирди.
Ташкилот раҳбарияти талабага ўқишдан кейин саккиз соатлик иш кунида ишлашга ижозат бериши мумкинми? Агар мумкин бўлса, қайси норматив ҳужжатлар асосида?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳа, иш берувчи талабанинг ўқиш вақтидан бўш пайтда унга 8 соатлик иш куни ўрнатиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантириши мумкин. Меҳнат қонунчилиги талабаларга иш ва кундузги ўқишни бирга олиб боришни тақиқламайди.

Бунда битта шартга риоя қилиниши керак – иш ўқиш вақтидан бўш пайтда бажарилади. Бу талабни меҳнат шартномасида мустаҳкамлаб қўйиш керак.

Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ишга қабул қилиш чоғида ҳам, кейинчалик ҳам тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилаб қўйилиши мумкин (МКнинг 119-моддаси биринчи қисми). Лекин, агар ўқув жараёнига халақит бермаса, унга иш вақтининг мослашувчан режими ўрнатилиши мумкин. кундалик иш вақтининг (сменанинг) муддати, ишнинг бошланиш ва тугаш вақти тарафлар келишувига биноан белгиланади (МКнинг 120-моддаси биринчи қисми).

Иш берувчи иш соатларининг нормал миқдоридан ошиб кетмаслиги шарти билан тегишли ҳисоб даврлари (иш куни, ҳафта, ой, йил) мобайнида ходимнинг иш соатлари жамлама сонини ишлаб беришини таъминлайди (МКнинг 123-моддаси биринчи қисми).

Агар талабанинг иш режими бошқа ходимлар иш режимидан фарқ қилса, бу албатта меҳнат шартномасида акс эттирилиши керак (МК 73-моддасининг иккинчи қисми). Унинг асосида иш вақтининг жамлама ҳисоби ётади (МКнинг 123-моддаси) (ундан оддий режимларда ҳам фойдаланиш мумкин), унинг моҳияти ходимнинг олдиндан белгиланган иш вақтида иш жойида бўлиши мажбурийлигига асосланади, ишни у ўзининг хоҳишига кўра, бироқ иш берувчи билан келишган ҳолда бошлаш ва тугаллашга ҳақлидир. Бироқ бу ҳисоб даврига киритиладиган, қонун ҳужжатлари билан белгиланган иш соатларининг жамлама сонини ишлаб беришни истисно этмайди (Давлат меҳнат қўмитаси ва ВЦСПС Котибиятининг 30.05.1985 йилдаги 162/12-55-сон қарори билан тасдиқланган Халқ хўжалиги тармоқлари корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида мослашувчан иш вақти режимини қўллаш бўйича тавсиялар).

Мослашувчан иш вақти 5 ва 6-кунлик иш ҳафталарида, шунингдек корхоналардаги бошқа иш режимларида қўлланиши мумкин (Тавсияларнинг 1.5-банди).

Унинг жорий этилиши иш берувчининг буйруғи (фармойиши) билан расмийлаштирилади ва меҳнатни нормалаштириш ва унга ҳақ тўлаш, қонун ҳужжатлари билан белгиланган имтиёзлар ва афзалликларни тақдим этиш тартибини ўзгартирмайди (МК 96-моддасининг еттинчи қисми).

Иш берувчиларга шуни эслатамизки, мослашувчан жадвалда тунги вақтда ишлаганлик учун қўшимча ҳақларни (ҳар бир соатга камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади), иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишларни (камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади) ҳам унутмаслик керак (МКнинг 157, 158-моддалари).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.