Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларнинг 15-бандига асосан (АВ рўй. №1209 24.01.2003й.) жорий ҳамда ўтган йил ҳисобот маълумотларидаги (улар тасдиқланганидан кейин) тузатишлар унинг маълумотларини бузишлар аниқланган ҳисобот даври учун тузилган ҳисоботда амалга оширилади, бунда тузатишлар ҳисобот даври (чорак, йил бошидан) учун маълумотларга киритилади .
Ўтган даврда йўл қўйилган ҳамда қўшимча солиқларни ҳисобланишига олиб келган хатолар - фундаментал (муҳим) хатолар ҳисобланади. Шунинг учун ушбу хатоларни тузатиш суммаси молиявий ҳисоботда йил бошидаги тақсимланмаган фойда сальдосини ўзгартириш ҳамда активлар, мажбуриятлар ва хусусий капиталнинг бошқа моддаларига тегишли тузатишлар киритиш йўли билан акс эттирилади.
Йиллик молиявий ҳисоботни текшириш чоғида даромадларни яшириш ёки улар билан боғлиқ бўлмаган харажатларни давр харажатларига (ёки муомала чиқимларига) киритиш натижасида молиявий натижаларни камайтириб кўрсатиш аниқланган ҳолда бухгалтерия ҳисоби ва ўтган йил учун молиявий ҳисоботга тузатишлар киритилмайди, балки жорий йилда ҳисобот даврида аниқланган ўтган йиллар фойдаси сифатида акс эттирилади.
Сизнинг холатингизда солиқ текшируви 2016 йилда бўлиб ўтган бўлса, текширувда аввалги 4 йиллик давр учун аниқланган хатоликлар бўйича тузатишлар 2016 йил учун тузилган молиявий ҳисоботда акс эттирилади. Бунда аввалги даврлар молиявий ҳисоботларига тузатишлар киритилмайди ва қайта топширилмайди.
Амалдаги қонунчиликда юқорида айтиб ўтилган қоидаларда ҳамда «Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот» 3-сон БҲМСда молиявий ҳисоботларга тузатишлар киритиш тартиби назарда тутилган. Бухгалтерия ҳисобига тузатишлар киритиш юзасидан қоидалар алоҳида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда акс эттирилмаган.
Ўтган давр учун тузилган молиявий ҳисоботлар тегишли даврнинг бухгалтерия ҳисобига мос келиши учун, юқоридаги қоидаларга асосланган ҳолда бухгалтерия ҳисоби маълумотларига ҳам бузишлар аниқланган ҳисобот даврида тузатишлар киритилиши лозим.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.