Саволнинг ID си: 7065
1.Ўриндошлик асосида ишловчи ходимдан солиқни энг юқори ставкада ушлаш натижасида юзага келган ортиқча тўланган солиқ суммаси қайтариладими? Ёки ўз ҳохиши билан ўз яшаш жойига, лекин ўзиники бўлмаган яшаш жойининг ер ва мол-мулк солиқларига олдиндан тўлов қилиши мумкинми? 2. Ходимнинг икки ва ундан ортиқ жойда ишлаши унинг келажакда олиши керак бўлган пенсия миқдорига таъсир қиладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Пенсиянинг миқдори  охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) барча турдаги ойлик иш ҳақи ҳисобидан келиб чиқиб белгиланади (Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низомнинг 86-банди, ЎзР ВМ 08.09.2011 й. 252-сон қарорига 1-илова).

Ушбу даврда ўриндошлик асосида ишлаган ходим пенсияни расмийлаштиришда пенсия жамғармаси бўлимига барча иш жойларидан (асосий ва ўриндошлик), жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида ишлаган бўлса, улардан ҳам, агар асосий иш жойидаги иш ҳақи миқдори энг кам иш ҳақининг (ЭКИҲ) саккиз бараваридан кам бўлса, иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиши керак.

Ходим инобатга олиши керакки, юқоридаги Низомнинг 104-бандига мувофиқ, пенсияни ҳисоблаш учун қонун ҳужжатларида пенсия тайинланадиган санага белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баравари миқдоридан ортиқ бўлмаган суммадаги ўртача ойлик иш ҳақи қабул қилинади. Шунинг учун, агар асосий иш жойидан ўртача иш ҳақи миқдори ЭКИҲнинг 8 бараварига тенг бўлса, ёки ундан ошса, бошқа иш жойларидан маълумотномани йиғиш керак эмас.

1. Ҳа, ўришдошлик асосида ишловчилар ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтаришлари ёки ер ва мулк солиқлари тўлови ҳисобига ўтказишлари мумкин. Бунинг учун улар жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этишлари керак. Жисмоний шахсларнинг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадларидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг якуний суммаси жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисида тақдим этилган декларациянинг маълумотлари бўйича давлат солиқ хизмати органи томонидан ҳисоблаб чиқарилади. Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларациясига асосий иш жойи бўйича тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисида тасдиқланган шаклдаги маълумотнома илова қилинади (Солиқ кодексининг 186, 191,192-моддалари). Шунингдек агар асосий бўлмаган иш жойи бўлмиш корхоналар ДСИга “Асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида Маълумотнома”ни тақдим этмаган бўлсалар, улардан ҳам даромадлар тўғрисидаги маълумотномани олиб, декларацияга илова қилиш керак бўлади.

Солиқнинг бюджетга тўланган ҳамда тўлаш учун ҳисобланган суммаси ўртасидаги ижобий фарқ солиқнинг ортиқча тўланган суммаси деб эътироф этилади. Ортиқча тўланган солиқ суммаларини қайтариш ёки уни бошқа солиқни тўлаш ҳисобига ўтказиш солиқ тўловчининг ёзма аризаси асосидаамалга оширилади. Ортиқча тўланган солиқ суммалари уларни қайтариш тўғрисидаги ариза топширилган санадан эътиборан 30 (ўттиз) иш куни ичида  амалга оширилади.

2. "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунининг (03.09.1993 й. 938-XII-сон, кейинги ўринларда Қонун) 32-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақига қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар қўшилади. Ўриндошлик асосида ишловчи ходимнинг иш ҳақидан иш берувчи бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ушлаб қолгани учун ушбу даромадлар ҳам пенсия миқдорини белгилашда ўртача иш ҳақига киритилади. Пенсияни расмийлаштиришда асосий иш жойи билан бир қаторда ўриндошлик асосида ишланган жойлардан ҳам иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш керак.

Шунингдек, инобатга олиш керакки, Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади. Бундан ташқари, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ортиқ бўлмаган миқдордаги (яъни 1 041 920 сўм (8*130 240)) ўртача ойлик иш ҳақи олинади (Қонуннинг 31-моддаси).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.