Саволнинг ID си: 7091
Ташкилотимиз ягона солиқ тўлови тўловчиси ҳисобланади. Ташкилот рахбари жамиятга тегишли бўлган «Spark» автомашинасини ходимга ҳадя шартномаси асосида беришга қарор қилди. Автомашинанинг бошланғич қиймати – 42 500 000 сўм, эскириш қиймати – 35 600 000 сўм.
Автомашинани ўз ходимига ҳадя қилишда ташкилотда ва ходимда қанақа солиқ оқибатлари келиб чиқади?
Экспертларнинг жавоблари:

Ходимда – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш мажбурияти келиб чиқади, чунки у ҳадя шартномаси асосида «Spark» автомашинасини 6 900 000 сўм (42500000сум-35600000сум) қолдиқ  қийматига тенг миқдорда моддий наф тарзида даромад олади (СК 177-моддаси 1-қисми 2-банди).

Жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш мажбурияти юридик шахслар, яъни ташкилотингиз зиммасига юклатилади (СК 184-моддаси 1-қисми). Ташкилотингиз жисмоний шахснинг даромадларидан ҳисобланган солиқ суммасини автомашинани ходимга топширилган санадан кечиктирмай ушлаб қолиши керак (СК 185-моддаси 2-қисми), ва тўлов натура ҳолида амалга оширилган ой тугаганидан кейин беш кун ичида бюджетга тўланиши лозим (СК 188).

Ҳисобланган солиқ суммаси даромад олган жисмоний шахсга тўлаётган ҳар қандай пул маблағлари ҳисобидан ушлаб қолинади.

Автомашина натура шаклида олинган совға бўлганлиги учун унинг энг кам иш ҳақининг 6-баравари миқдоригача бўлган қиймати солиққа тортилмайди (СК 179-моддаси 14-банди). Агар ташкилотингиз автомашинани ҳадя қилиб олган ходимнинг асосий бўлмаган иш жойи ҳисобланса, унда солиқ суммасини қайта ҳисоб-китоб қилиш жисмоний шахс даромадлари тўғрисида декларация топширганда, давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади (СК 186-моддаси 4-қисми).  Бу ҳолатда ташкилот солиқ даври тугаганидан сўнг 30 кун ичида солиқ органига асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотни тақдим этиши, жисмоний шахс эса 1 апрелгача мустақил равишда декларацияни тақдим этилиши керак.

Агарда, асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олаётган жисмоний шахс бухгалтерияга ўз даромадидан солиқни энг юқори ставкаси бўйича ушлаб қолишни сўраб ариза берса, даромад тўлаётган юридик шахс имтиёзларни қўлламаган ҳолда солиқни энг юқори ставка бўйича ушлаб қолади. Бунда ташкилот, даромад олган жисмоний шахс тўғрисида маълумотни солиқ органига тақдим этмайди.

Ташкилотда – автомашинани хадя қилишда ягона солиқ тўлови бўйича солиқ мажбурияти асосий воситаларни чиқиб кетишидан олинган даромадлардан келиб чиқади (СК 355-моддаси).

Бунда асосий воситалар чиқиб кетишидан олинадиган молиявий натижани (фойдани ёки зарарни) аниқлашда асосий воситаларни илгариги қайта баҳолашлардаги ортган суммасининг ушбу асосий воситалар қийматининг илгариги қайта баҳолашлардаги камайиши суммасидан ортган қисми даромад таркибига киритилади (СК 133-моддаси).

Автомобилни ходимга хадя қилишда шартнома расмийлаштирилади. Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ (ВМ 07.03.2006й 38-сонли қарори иловаси) шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши керак ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Асосий воситалар беғараз берилганда белгиланган тартибда топшириш-қабул қилиш далолатномаси ҳамда ҳисоб-фактура расмийлаштирилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.