Саволнинг ID си: 7238
Корхонамизда юрист фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида ишлайди. У ЖШДСни максимал ставкада ушлаб қолиш тўғрисида аризани расмийлаштирда. Шунингдек, жами ойлик иш ҳақини ҳаёт суғуртаси учун суғурта тўловларига йўналтиришга ариза берди. Ходимнинг 1 ойлик иш ҳақи 781 440 (6*130 240) сўмга тенг. Ушбу суммадан 7,5% суғурта бадаллари ва 1% касабалар уюшмасига тўловлар ушлаб қолинади. Даромаднинг қолган қисми 715 017,60 (781440 – 58608 - 7814) сўм ҳаёт суғуртаси учун ўтказилади (179 731.2 сўмга тенг ЖШДС билан бирга), яъни Солиқ кодексининг 179-моддаси 28-бандига мувофиқ имтиёз қўлланган.
Ходим фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида корхонада ишласа, унинг ҳаёт суғуртаси бўйича суғурта тўловларини тўлашга йўналтирилган иш ҳақига ЖШДС имтиёзи қўлланилиши тўғрими? Корхона ЖШДС тўғри ҳисоблаган ва ушлаб қолганми?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Ҳа, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида ишлаётган ходимнинг ҳаёт суғуртаси тўловига йўналтирилган иш ҳақига ЖШДС бўйича имтиёзнинг қўлланилиши қонунийдир. Сиз сўраётган имтиёз Солиқ кодексининг (кейинги ўринларда СК) 179-моддаси 28-бандида кўрсатилган бўлиб, у нафақат меҳнат шартномаси бўйича олинган даромадларга, балки бошқаларга ҳам тадбиқ этилади. Имтиёз қўлланилиши қонунийлигини ходимнинг суғурта ташкилоти билан ҳаёт суғуртаси ҳақидаги шартнома билан асослаш керак бўлади. Суғурта компанияси ЎзРда ҳаётни узоқ муддатли суғурталаш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлиши керак.

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосидаги тўловлар жисмоний шахснинг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромади бўлиб, у иш ҳақи тарзидаги даромад ҳисобланади (СК 172-моддаси).

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосидаги ишловчи жисмоний шахсга ЖШДСни ҳисоблашда СК 179-моддаси 1-банди 4-хатбошида ва 180-моддасида назарда тутилган имтиёзлар тадбиқ этилмайди (СК 186-моддаси). Имтиёз СК 179-моддаси 28-бандига мувофиқ тадбиқ этилгани учун имтиёзнинг қўлланилиши қонунийдир.

Корхона ушбу ходимдан ЖШДСни максимал ставкада ушламаганлиги сабабли йил якуни бўйича ДСХО асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиши керак.

2.Сизнинг ҳолатингизда жисмоний шахснинг иш ҳақидан 7,5% ставкада суғурта бадаллари 58608 сўм (781 440х7,5%), ва касаба уюшмасига бадаллар (1%) - 7 814,4 сўм (781 440х 1%) ушлаб қолиниб, қолган сумма - 715 017,6 сўм (781 440 – 58608 -7 814,4) ҳаётни узоқ муддат суғурталаш шартномаси асосида суғурта компаниясига ўтказилади. ЖШДС бўйича имтиёз даромаднинг айнан суғурта тўловларини тўлашга йўналтирилган қисмига нисбатан қўлланилади. Бу ерда ЖШДС тортиладиган даромад суммаси 781440-715017,6= 66422,4 сўмга тенг.

Солиққа тортиш шкала бўйича амалга оширилгани учун 66422,4 сўм миқдоридаги даромад 0%лик ставкада солиққа тортилиб, солиқ суммаси “0” га тенг бўлади.

Шундай қилиб, сизнинг ҳисоб-китобингизни тўғри деб ҳисоблаш мумкин.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.